Аёл доим эътиборда бўлиши керак
Шиддат билан тезлашаётган жамият, кундан кунга янгиланаётган соҳалар, онлайн савдолар тезлашган ва технологияларни чуқур тушуниб улғаяётган авлодни тарбиялаши лозим бўлган аёллар учун бугун нима керак? Мана шундай кунда ўзгариб, маблағ топиш ҳам технологик саводхонлигимизга боғлиқ бўлиб турган пайтда таълим энг биринчи ўринга чиқиб қоляпти. Қайси тоифа хотин-қизлар билан ишламайлик, уларнинг қай бири билан мулоқот олиб бормайлик, жуда кўп жиҳатлар таълимга бориб тақаляпти.
Ўзини ривожлантираётган аёл ютқазмайди
Келинг, фикримни мисоллар билан шарҳласам, уй бекаси ҳеч бўлмаганда фарзандлари тарбияси учун бугун нималарнидир ўрганиши кераклигини айтмоқда. Узоқ йилдан бери тадбиркорлик қилаётган аёллар ишини ривожлантириш учун қўшимча таълимга эҳтиёж сезяпти. Деҳқон, фермер опаларимиз ҳам интернет орқали соҳасидаги янгиликларни кузатмаса, кўп нарсадан ортда қолиб кетяпти. Маҳсулотларини онлайн савдога чиқаришга ўтган, иссиқхона, хўжалик юритувини бугун ҳеч жойга чиқмасдан, маълум бир курслар орқали онлайн ўзлаштираётган хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ҳатто уйидаги жанжаллардан сўнг ҳимоя ордери берилган аёллар ҳам махсус реаблитатсия марказларида яшайдиган бўлса, уларга нимадир ўргатилмоқда, ҳунардан тортиб ҳуқуқий билимларгача. Буларнинг барчаси эса таълим, ўқиш, изланиш деганидир.
Бугун оила ва хотин-қизлар бошқармаси вакиллари, хотин-қизлар фаоллари бир пайтлардаги каби фақат оилавий можароларнинг олдини олиш, турли арз-додлар билан шуғулланиш билангина машғул эмас. Ҳар бир масалага тизимли муносабат шаклланмоқда, таълимга урғу бериляпти ва тизимдан ҳам шу талаб этилмоқда.
Дафтардаги аёллар Бўстонлиққа нега жўнатилди?
Ўтган йили эҳтиёжманд оилалар қиз фарзандларининг 727 нафарига, 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган, олий маълумоти бўлмаган хотин-қизларнинг 249 нафари муассасаларига ўқишга олий таълимга киришлари учун тавсиянома берилди.
Шунингдек, 2025-2026-ўқув йили учун 130 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг тўлов-контракти тўлаб берилди.
Ўтган йилда 145 минг 268 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.
Шунингдек, 32923 нафар хотин-қизлар касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди. Уларнинг 13 39 нафари касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, тадбиркорлик ва молиявий саводхонликка ўқитилганлар 8978 нафарни ташкил этди. Хавфсиз мигратсия тамойили асосида хорижий тил ва касб-ҳунарга ўқитилганлар 2806 нафар бўлди. Шунингдек, дарахт ва гул кўчатларини етиштириш бўйича ўқитилганлар сони 1040 нафарга етди.
1604 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик лойиҳалари қўллаб-қувватланди. 2109 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз лидер тадбиркор аёлларга бириктирилди. Шунингдек, хориждан ватанга қайтарилган хотин-қизлардан 24337 нафарининг бандлиги таъминланди.
Ўтган йили республика оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан хайрли бир ишга қўл урилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 2250 нафар хотин-қиз Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш масканида бўлиб, психологик ёрдам кўрсатиш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотиватсион семинарда иштирок этишди. Буни қарангки, бу ташаббус ҳам ўзини ривожлантириш, билим олиш билан боғлиқ. Лекин унинг таъсири жуда аҳамиятли бўлди. Ушбу тренингларда қатнашиб келган аёллар жуда кўп нарсаларни ўргангани, ҳаётини бутунлай янгича бир таҳлил этганини айтишди. Бу тажриба бу йил ҳам давом этади, қамров кенгаяди.
Оқдарё тажрибаси яратилди
Афсуски, ҳаёт бир текис эмас, унинг турли синовларидан ўтишга тўғри келади. 2025-йил якунида вилоятда оилавий ажримлар аввалги йилга нисбатан 203 тага, яъни 4,4 фоизга ошди.
Ажримлар 6 та туман ва шаҳарларда камайган бўлса, бошқаларида ошган. Оилавий ажримларнинг олдини олишда Оқдарё тажрибаси яратилди. Бу тажрибанинг моҳияти нимада?
2024-йил ажрим энг кўп қайд этилган Оқдарё туманига Самарқанд давлат университетининг малакали психолог-тренерлари томонидан тизимли тарзда семинар-тренинг ўтказилди. Бунинг натижасида ўтган йил ажрим ёқасидаги 205 та оиланинг 195 таси яраштирилиб, соғлом муҳитга қайтарилди. Ушбу семинар-тренингга Самарқанд давлат университетининг психологларидан ташқари туман “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ҳам жалб этилиб, оилавий ажримларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшилди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларга ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатиш мақсадида “Оила ва хотин-қизлар масканлари” фаолияти йўлга қўйилди. Ҳокимликлар билан ҳамкорликда марказлар жой билан таъминланди ва хотин-қизлар учун зарур шароитлар яратилди.
Икки мингга яқин низо бартараф этилди
Хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бир нечта тизим ҳамкорлигида чуқур ўрганилган ҳолда олиб борилмоқда. Хотин-қизларнинг билим даражаси ошаяпти ва дарҳол тегишли идораларга мурожаатлар кўпаймоқда. Шунинг учун ҳимоя ордерлари берилиш ҳолати йилдан-йилга кўпаймоқда. Тўғри, бу хурсанд бўладиган кўрсаткич эмас. Аммо йиллар давомида маиший зўравонликдан қийналиб, аламини ютиб, нафақат оиласи, бутун жамиятга зиён етадиган ҳолатлар, жиноятларнинг кўпайганидан кўра, унинг олдини олган афзалроқ. Ҳимоя ордерлари мана шундай профилактика ўрнини ўтамоқда.
Ўтган йили тазйиқ ва зўравонликка учраган 4426 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. Бу 2024-йилга нисбатан 2199 тага кўпдир.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари Қўшработ туманида 39 тага, Каттақўрғон шаҳрида 15 тага, Булунғур туманида 8 тага камайган. Ҳимоя ордери бериш натижасида 2143 та оила яраштирилди, 1993 та ҳолатда низо бартараф этилди.
Аслида ҳар бир оиланинг ўз ҳимоя ордери бўлиши керак. Бу – таълим-тарбия, одоб-ахлоқ, қадриятларнинг авайлаб-асралган ҳолда авлоддан-авлодга ўтиши каби фазилатлар ҳамда оила катталарининг бу масалага жиддий эътиборидир. Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, унинг мутасаддилари оиладаги шу фазилатларни асраб қолишни тарғиб қилиш баробарида, турли масалаларда уларга кўмак кўрсатишни асосий вазифаси деб билади.г суяклари тўғри ривожланиши учун бу машқлар муҳим.
Зебо САИДОВА,
вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари.