Оғир кунларда матонат кўрсатган аёллар унутилмайди

Аёл нафислик ва нафосат, меҳр-муҳаббат, гўзаллик рамзидир. Улар бежиз фаришталарга ўхшатилмайди. Шу билан бирга, уларнинг матонати, фидойилиги ва юртга садоқати ҳақида кўплаб мисоллар бор. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, ғалабага ўз ҳиссасини қўшган минглаб онахонларимиз номи тарих зарварақларида муҳрланиб қолган. Мардлик ва шижоат кўрсатган фидойи онажонларимизни ёдга олиб, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бизнинг бурчимиздир.

Каттақўрғон сув омбори юртимизда қурилган илк сув ҳавзаси ҳисобланади. Вилоят давлат архивида сақланаётган маълумотларга кўра, ана шу сув омбори 1940-1951 йилларда қуриб битказилган. Айни уруш даврида қурилиши бошланган сув омборининг бунёд этилишида хотин-қизларимизнинг хизмати беқиёс бўлган. 1941 йилда олинган суратлар айнан шу меҳнат фронти хақида ҳикоя қилади.

Архивимизда сақланаётган 1259-сонли Р.Каримовнинг шахсий фондида 1941 йилда биринчилардан кўнгилли бўлиб урушга отланган Самарқанд тумани Бухор қишлоғида яшаган Додар Ҳотамова тўғрисида маълумотлар келтирилган. Фронтга жўнатилаётган аёлларимиз кетишдан олдин ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Архивларда сақланиб қолган суратларда Самарқанд шаҳрида фронтга зарур маҳсулотлар етказиб берган корхоналарнинг асосий ишчи кучи аёллар бўлганлиги кўриниб турибди. Уларнинг заҳматли меҳнати билан барча маҳсулотлар вақтида етказиб берилган. Жумладан, “8-март” фабрикаси ишчи-хизматчилари жангчиларни пахталик иссиқ кийим-бош, ички кийим, пайтава, пайпоқ ва қўлқоплар билан таъминлаган.

Сақланиб қолган ҳужжатларни варақлар эканмиз, бугунги саодатли кунларимизга осонликча эришилмаганини англаш мумкин. Бугун Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари қатори фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, отахону онахонларнинг номларини қайта тиклаш ва абадийлаштиришда архив ходимларининг хизмати катта бўлмоқда.

Ф.УЛУҒОВ,

вилоят давлат архиви етакчи архивчиси.