Ёшларнинг 100 ғояси: Лойиҳа туризм ривожига хизмат қилади

“Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасининг ҳудудий босқичидан унинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритган 18 нафар йигит-қиз орасидан самарқандлик Абдулазиз Суяровнинг “Eaten.uz” лойиҳаси ҳакамларнинг эътиборини тортди.

Ёшларнинг инновацион ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳаси доирасида вилоят ёшларидан 2 минг 661 та ариза қабул қилинган. 681 та ғоя ва лойиҳалар саралаш босқичидан ўтган ва аризалар экспертлар гуруҳи томонидан тегишли тартибда баҳоланиб, ҳудудий босқичда 105 та ғоя ва лойиҳалар иштирок этди.

Лойиҳанинг финал босқичига 18 нафар ёш йўлланма олди. "Илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш" йўналишида 8 та, "Ахборот технологиялари ва инновациялар" йўналишида 5 та, "Қурилиш, архитектура ва транспорт" йўналишида 2 та, "Спорт ва туризм", "Экология, қайта тикланувчи энергия манбалари ва кимё технологиялари" ҳамда "Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва агро-технологиялар" йўналишларида 1 тадан лойиҳа саралаб олинган.

Мазкур лойиҳалар ичида ҳакамлар ҳайъати эътиборни тортгани Абдулазиз Суяровники бўлди. Лойиҳа онлайн веб-платформа бўлиб, бу орқали маҳаллий аҳоли сайёҳларни тушлик ёки кечки овқатга чақириш имконига эга бўлади. Бу хорижлик меҳмонларнинг юртимизга қилган саёҳатлари саргузаштларга бой бўлишига ёрдам беради.

Ҳар қандай сайёҳ шоҳона ресторанлардан кўра, албатта маҳаллий оила билан биргаликда стол атрофида самимий суҳбат қуриб, тансиқ таом истеъмол қилишни, энг муҳими, оддийликни кўпроқ хоҳлайди. Лойиҳа сайёҳларга шундай имкониятни, маҳаллий хонадон эгасига эса қўшимча даромад топиш имконини беради.

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати