Ёшларнинг тарбияси нега бузиляпти?

 “Ўзингдан катталарга салом бер, устозларинга гап қайтарма, ҳар жойга чиқинди ташлама, автобусга чиққанда катталарга жой бер, ўртоқларинг билан жанжаллашма, дарсингни вақтида тайёрла...” ва ҳоказо. Уйда ёши катталар бу гапларни болалигимиздан қулоғимизга қуйишган. Аммо ҳамма даврнинг катталарга қулоқ соладиган мўмин-қобил, одобли ёшлари билан бирга “қулоқсиз”, “бузғунчи” ёшлари ҳам бўлади. Хўш, бу одатлар ёшларда қандай шаклланади?

Келинг, бу ҳақда фикр юритишни болалар тарбиясида ким ёки нима муҳимлигидан бошлаймиз.

 Тарбия оиладан бошланади

Боланинг тарбияси, дунёқараши оила муҳитида шаклланади. Мактабда, лицейда, техникумда, олий ўқув юртида болага асосан таълим берилади. Масалан, мактабда ўқитувчи 45 дақиқа давомида ўқувчиларни йўқлама қилади, ўтилган мавзуни сўраб баҳолайди, янги дарсни тушунтириб, уйга вазифа беради. Бу жараёнда ўқитувчи тарбия ҳақида 5 дақиқа ё тўхталади ёки йўқ. Профессионал ва олий таълимда бу ҳақда гапирмаса ҳам бўлади. Шу боис, бу даргоҳларда бериладиган тарбия ва маҳалла аҳлидан олинадиган ибрат оилада берилган тарбияга фақат қўшимча бўлиши мумкин. 

- 30 йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига дарс бераман, - дейди ургутлик фахрий ўқитувчи Муродилла Эшонқулов. – Болалар мактабга “суяги қотган” ҳолда келади. Чунки дастлабки тарбия оилада бериб бўлинади. Дарс вақтида, ўқувчиларнинг юриш-туриши ва ўзини тутиш жараёнларида эса ким қандай тарбия кўргани ойдинлашиб қолади. Рости, ҳозир фарзандининг келажаги ҳақида қайғурадиган ота-оналар камайиб бормоқда. Жумладан, мактабда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишларида аксарият ҳолларда ўқувчиларнинг қариндошлари келади ва ота-онаси ишдалиги айтилади. Фарзандининг келажаги учун қайғурмаган, унга вақт ажратмаган ота-она келгусида ундан пуч орзуларни кутади, холос. Аксинча, қайсидир ота-она оиласида яхши амаллари билан фарзандига ўрнак бўлса, уни ҳам шунга ўргатса, келажакда албатта роҳатини кўради ва бу таълимда ҳам бўй кўрсатади.

 Одам ва “маймун”

Бугунги кунда турли гаджет ва мобил алоқа воситалари ёшларга иккинчи тарбиячи вазифасини бажармоқда. Бунга эса ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўляпти. Ҳозир икки ёшга тўлмаган бола ҳам телефон нималигини, қандай вазифа бажаришини билади. Чунки уйда ёши катталар телефон ишлатишни болаларга ўргатган ва ўша жараёндаги ҳаракатларни ўзлаштирган. Табиийки, ёш бола кўрган нарсасини бажаришга уринади. Бундай вазиятда кўпчилик ота-оналар боласидан хурсанд бўлиб, болага телефондан фойдаланишга кўпроқ имконият яратиб бермоқда, йиғласа ҳам телефондаги қизиқарли нарсалар билан овутяпти. Оқибатда XXI аср боласи мобил қурилмаларга ўрганиб қолмоқда. Қарабсизки, бу одатлар шаклланиб, болалар мактаб ёшига етгунга қадар виртуал олам ва унинг имкониятларидан фойдаланишни ўрганиб олмоқда.

Айниқса, кейинги пайтда оммалашиб бораётган тотализатор ўйинлар, турли кўнгилочар дастурлар мухлиси ва иштирокчисига айланмоқда. Энг ёмони, мобил қурилмалар тарқатаётган радиация нурлари орқали турли касалликларга чалиняпти, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, дунёқараши ҳам ўзгаряпти. 1930 йилда Уинтроп Келлог психологлар оиласи янги туғилган маймуннинг боласини ўзларини Доналд исмли фарзанди билан бирга тарбияламоқчи бўлишади. Мақсад, маймунни тарбиялаб, одам қилиш эди. Бироз вақт ўтиб, ёш оила маймундан воз кечади, сабаби, уларнинг фарзанди ўзини худди маймунлардек тута бошлаган эди.

Ҳозирги ахборот технологиялари асрида бундай қурилмалар ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб бўлган ва улардан воз кечиб бўлмайди. Лекин ҳар бир ота-она фарзандига бундай воситалардан фойдаланишни чеклаши, уларнинг тарбиясида ким ва нима таъсир кўрсатаётганини назоратга олиши ҳамда ҳар жабҳада фарзандига ўрнак бўлиши керак. Акс ҳолда бола “маймун”ларга ўхшаб қолиши ҳеч гап эмас.

Нуронийлар ҳаёти ёшларга ибрат

Биласизми, фақат юртимизда бир болага ота-онасидан ташқари бобо-бувиси, қариндошлар, ҳатто қўни-қўшнилар ҳам масъул экан. Яъни, ўрни келганда тарбияни улар ҳам бераверади. Чет элда эса мутлақо бунинг акси. Эътибор берган бўлсангиз, аксарият ота-она ишда ёки уй-рўзғор юмушлари билан банд бўлиб, фарзанд тарбиясига кам вақт ажратади ва болаларнинг тарбияси билан бобо-бувилари шуғулланади. Эсимда, ёшлигимдан бобом ва бувимнинг эртаклари, ўгитларини эшитиб катта бўлганман. Ҳозир эса ота-онам фарзандимга ана шундай панд-насиҳатлар бераётганини кўраман.

 Бизда аждодлар ва авлодлар ўртасидаги кўприк - бу миллий қадриятлар, анъаналардир. Буни ёшлар онгига сингдириш, ҳар томонлама баркамол, соғлом авлодни вояга етказишда нуронийларнинг ўрни беқиёс. Жамиятда ёши улуғ инсонлар қўлида тарбия кўрган ҳар қандай боланинг дунёқараши кенг бўлади, Ватанни, оилани қадрига етади, урф-одат ва қадрятларимизни ҳурмат қилади. Асосийси, ҳаётда ўз ўрнини тез топади.

Ота-она жанжалидан фарзанд азият чекмоқда

Кейинги вақтларда эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчилик очиқчасига ўз фарзандларига зиён етказиш, ҳатто уларни ўлдиришгача бориш ҳолатлари билан тугамоқда. Бунинг жабрини эса бегуноҳ норасидалар тортяпти.

- Оилавий низолар ёки ота-оналарнинг фарзандига вақтида эътибор бермагани боис тарбиясида нуқсонлар кўп учрамоқда, - дейди психолог Сарвиноз Носирова. – Чунки кейинги пайтда психолог ва руҳшуносларга айнан шундай мурожаатлар кўп тушмоқда. Бундай вазиятда болаларда руҳий зўриқиш вужудга келяпти ва болалар ўз уйидан, ота-онасидан безиб боряпти. Оқибатда руҳий касалликларга чалиниш, алам устида кўнгилсиз ҳодисаларга қўл уриш кузатилмоқда.

Аксарият ҳолларда ёшларнинг ҳаёт қуришга тажрибасизлиги, яъни эрта турмуш ва уларни ҳаётга тайёрлашда камчиликларга йўл қўйилаётгани ана шундай кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. Бунинг устига, оила қургач, бола тарбиясига етарлича эътибор берилмаяпти. Қизиқиши, истаклари қўллаб-қувватланмаяпти ва оқибатда бола умидсизликка тушиб, ўзига бўлган ишончи сўняпти. Бундай вазиятга тушиб қолган болалар асосан ижтимоий тармоқларда вақт ўтказиш орқали ўзини овутади, “ким”ларгадир ўхшашга, машҳурликка ҳаракат қилади ёки дўстлари орасида энг зўри бўлишга интилади.  Ҳамма нарсага осон эришишнинг йўлларини излайди. Афсуски, бу йўл навниҳолларни турли оқимлар домига тортиб, хароб қилмоқда.

Яна бир тоифа ота-оналар борки, фарзандини ҳаддан зиёд эрка қилиб ўстиради, айтган нарсасини муҳайё қилади. Лекин уни назоратга олмайди ва бола келгусида кўнглига келган ишни қилади. Бу йўл ҳам ёшларни боши берк кўчага етаклайди.

Ёшларнинг тарбияси ҳақида гап кетганда катталарнинг “Эҳ-ҳе, бизнинг давримизда...” деб бошланадиган хотиралари “Ҳозирги ёшлар бузилиб кетгани” ҳақидаги афсус-надоматлар билан тугайди. Аслида эса “ёшларнинг бузилмаслиги” жамиятда катталар ўрнатган тартиб-қоидаларга қанчалик амал қилинаётгани билан белгиланади. Оилада бола соғлом фикр билан тарбияланса, доим назоратда бўлса, ёшлигидан меҳнат қилишга, мустақил яшашга ўргатилса, тарбияси бузилмайди.

Фазлиддин Рўзибоев.