Ёзувчи ва шоирлар ҳаётидан кулгили ҳикоялар
Пушкин нега парик кийган, Марк Твен қаерга кетаётган бўлган ва Толстойни ким танимаган?
Адабиёт арбобларининг ғайриоддий одатлари ва турмуш тарзи уларнинг таржимаи ҳолидаги қуруқ далиллардан кўра кўпроқ нарсани очиб бериши мумкин. Ёзувчилар ҳам бошқаларга ўхшаган одамлар. Лекин уларнинг ўзига хос феъл-атвори бўлган. Мақолада мумтоз адабиёт вакиллари билан содир бўлган айрим қизиқарли воқеаларни баён этамиз.
Александр Пушкин
Бир куни эндигина безгак касалидан тузалиб, сочи қиртишланган Пушкин театрга парик кийиб борди. Дастлаб ҳаммаси одатдагидек бўлиб, Пушкин хотиржам спектаклни томоша қилаётган эди. Лекин томошанинг таъсирли лаҳзасида шоир бошидаги ясама сочни ечди ва “жуда иссиқ”, деди ёнида ўтирганларга қараб.
Артур Конан Дойл
Парижда кулгили воқеа юз берди. Машҳур “Шерлок Холмс” изқувари яратувчиси Артур Конан Дойл поезддан тушаётганида такси ҳайдовчиси унинг олдига югуриб келиб, қўлидаги чамадонини юлиб олиб, машинасига қўйди ва “Жаноб Конан Дойл қаерга кетяпсиз?”, деб сўради. Ёзувчи такси ҳайдовчиси қандай қилиб уни танигани билан қизиқди.
У Холмснинг дедукцияга асосланган усулини ўзлаштиргани, ёзувчини кўриши билан унинг қўлида сиёҳ излари борлиги, хулқ-атворига қараганда, у шифокорга ўхшаши, лекин кийимлари Лондон услубида экани ва ҳоказо тафсилотларни таҳлил қилиш орқали уни таниганини айтиб жавоб берди.
Тинглаб турган Холмс ҳайрон қолди: “Ахир, сиз ҳақиқий Шерлок Холмссиз-ку!", деди. Ҳайдовчи бироз ҳижолат тортди ва қўшиб қўйди:
- Ҳа... Лекин яна бир тафсилотга эътибор қаратдим, чамадонингизнинг ёрлиғида катта ҳарфлар билан исмингиз ва фамилиянгиз ёзилган экан...
Лев Толстой
Тула шаҳрида ёзувчи Лев Толстойнинг оиласи учун ёзган “Маърифат мевалари” асарини саҳналаштиришга қарор қилинди. Муаллиф спектаклга таклиф олди. Аммо у театрга келганида уни киритишмади. Негаки, ёзувчи оддийгина қишлоқ кийимида эди. Эшик оғаси унга ўз йўлидан қолмасликни айтди.
Толстой баҳслашиб ўтирмади ва яқин атрофдаги ўриндиққа ўтириб олди. Кўп ўтмай театрга етиб келган маҳаллий амалдор скамейкада ўтирган ёзувчини кўриб, ҳайрон бўлди ва ундан у ерда нима қилиб ўтиргани билан қизиқди.
Толстой эса “ўтирибман”, деб жавоб берди. У табассум билан тушунтирди: “Мен пьесамни кўрмоқчи эдим, лекин мени ичкарига киритишмаяпти...”.
Марк Твен
Паришонхотир Марк Твен тез-тез ноқулай вазиятларга тушиб қоларди. Бир куни у поездда кетаётган эди, вагонга чипта назоратчиси кириб келди. Твен чўнтагини ковлай бошлади, лекин чипта топилмади. Ниҳоят, назоратчининг раҳми келиб, унга эътиборли бўлиши ва чиптасини қайтишда текширишини айтди.
Ғазабланган ёзувчи норозилик билан жавоб берди: “Йўқ, мен ўша лаънати чиптани топишим керак! Акс ҳолда, қаерга кетаётганимни қаердан биламан?".
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.