“Юрт ўғлони элга шундай сўз деди”
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, иқтидорли шоир ва жамоат арбоби Саъдулла Ҳаким ҳаёт бўлганида 70 ёшга тўларди.
Пурвиқор Нурота тизма тоғларининг сўлим этагида, навқирон Фориш заминининг мафтункор адирлари орасида Гараша отли машҳур қишлоқ бор. Бу қишлоқнинг таниқли фарзандларидан бири Саъдулла Ҳакимдир.
Саъдулла Ҳакимни халқимиз узоқ йиллардан бери жамиятимизда маданият ва маънавият, журналистика ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётган инсон сифатида танийди. Юртимизнинг эртаси учун жон куйдирган, унинг гуллаб яшнашига хизмат қилган, ёш авлод тарбиясида юксак масъулият билан, фидокорона меҳнат қилган Саъдулла Ҳакимдан катта ижодий мерос қолди. Ажойиб назмий ва насрий асарлар, публицистик мақолалар муаллифи, талантли шоир, ёшларнинг талабчан устози сифатида мамлакатимиз санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшди.
Саъдулла Ҳаким Тошкент давлат университети (Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) нинг журналистика факультетини тугатиб, ўзининг жўшқин шеърлари билан халқимиз назарига тушди. Шеърият билан биргаликда журналистлик касбини улуғлаб, жамоатчилик ичида обрў-эътибор топди. У «Саховат» журнали, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ўзбекистон овози» газеталарида адабиёт ва санъат бўлими мудири, масъул котиб, «Маърифат» газетасида бош муҳаррир, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг раҳбари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси бўлди.
Шу кунга қадар шоирнинг “Ҳамал тонглари», «Сен кутган баҳор», «Ёз оқшоми», «Она сўз», «Сайланма», «Кўнгил юзи», «Кўҳна нақл», “Бола Ботир” каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилди. «Эсимда қолган кунлар», «Атом қаърига саёҳат» каби публицистик йўналишдаги асарлари ҳам кутубхоналардан жой олган. У Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган.
Саъдулла Ҳаким жўшқин ижоди маҳсули бўлган китоблари ва асарлари давлат ва жамоатчилик томонидан чуқур эътироф этилган. У ўзининг “Сайланма” китоби учун 2002 йилда “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ғолиби бўлди. Маънавий-маърифий ҳаётимизга оид “Эсимда қолган кунлар”, “Атом қаърига саёҳат” каби публицистик асарлари адабий жамоатчилик назарига тушди. У “Бола Ботир” достонида бадиий сўзнинг улкан мақсадлар ва мустаҳкам эътиқод йўлидаги ўрни, аҳамиятини тиниқ образлар воситасида очиб беради.
Шунингдек, унинг ўтмишдаги эл жасорати ва қаҳрамонликларини шарафловчи “Олис юлдуз” достони халқимиз назарига тушди. Достонда шоирнинг ўзига хос бадиий услубда намоён этилган тарихий-фалсафий концепцияси, борлиқ ва инсонни бир бутунликда тасаввур қилиш, тасвирлаш йўсини ўзига хос тарзда ифода этилади. Адабиёт, журналистика ва жамоат ишидаги ютуқлари учун Саъдулла Ҳаким 2002 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган.
У Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасини раиси сифатида бир неча йил меҳнат қилиб, ижодий жамоатчиликни қизғин фаолиятини мувофиқлаштириб келди. Ижод аҳли билан доим елкадош бўлиб, уларнинг турмуш ва ижоддаги муаммоларини ҳал этиш, касбга оид ишларини такомиллаштириш борасида тинмади. Халқимизга беминнат хизматлари учун 2019 йилда Президенти Фармон билан юксак мукофот - “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
Иқтидорли адибнинг “Юрт ўғлони” китобида инсон, жамият, эл-юрт, ватан шаъни ва қудрати, нашъу намоси бадиий сатрлар орқали кишиларга маънавий руҳ беради.
Улуғ йўлда улуғ карвон элим бу,
Юлдузларга қўйган нарвон элим бу.
Минг бахтида минг бир армон элим бу.
***
Ўзбекистон - биру борим сен ўзинг,
Ихтиёри ихтиёрим сен ўзинг,
Икки дунё номус-орим сен ўзинг.
Шоир китобда юрт мадҳи, ватан шаъни ва ҳаёт мантиғини юксак бадиий сатрлар билан ифодалайди, қалб билан ошно бўладиган, инсон ҳиссиётини жунбушга келтирадиган, бир умр хотирада муҳрланиб қоладиган сўзлар, фикру мулоҳазалар орқали талқин этади. Шоирнинг ютуғи ҳам шунда. У эл-юрт шаъни ва қудратининг ўтмиш ҳамда бугунги кун нуқтаи назари билан уйғунлигини, истиқлол неъматларининг мазмуни ва мантиғини ўзбек халқининг миллий юксалиши билан теран боғлиқлигини ёрқин сатрларда ифодалай олади:
Ҳар нимаки жоиз Мавло яратди,
Бир-биридан азиз, авло яратди,
Одам зотин тенгсиз, аъло яратди,
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
***
Ойдай чирой очсин Ватан талъати,
Юксал, буюк алломалар миллати.
Келди яшаш чоғи юртни гуллатиб,
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди!
Макон ва замон. Тарих ва тақдир. Мазкур фалсафий тушунчаларнинг замирида не бир хусусиятлар, не бир фазилатлар, не бир ҳодисотлар яширинмаган. Тарихнинг залворли саҳифаларида ёзилган ва ёзилаётган, айтилган ва айтилаётган, жаҳоний қудрат бахш этаётган буюк сўзлар эзгулик тантанаси учун шиор вазифасини ўтайди. Эзгуликка йўғрилган сўзлар яхшилик, меҳр ва мурувватга ташна қалбларга ором, яшаш ва яшаришга бўлган интилишларига илҳом бағишлайди.
Шунингдек, шоир китобда қуйидагиларни таъкидлайди: “элим, юртим дея қайғуриб яшаётган ҳар бир инсон юрт ўғлонига хос муайян жиҳатларни ўз шахсида кўрса, ҳис этса, ажаб эмас. Ҳаёт ҳамиша юртнинг фидойи ўғлонлари, ўғил-қизлари билан обод, кўркам, боқий. Асар ёзилишига икки минг ўн еттинчи йил августь ойининг учинчи санасида, ижод аҳли учун унутилмас воқеа бўлган анжуманда айтилган қуйидаги фикр туртки берган эди: “Эл дардини ёзмаган қалам қалам эмас!”. Шу мақсад йўлида битилган сатрларим шояд кўнглингизга бир қатим нур мисол йўл топса”.
Дунё минбаридан ўзбек сўзини
Тинглаб аҳли жаҳон очди кўзини,
Маърифат нурига чайди юзини,
Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.
Шоирнинг асарларида асосий мазмун жамият ва инсон тақдири, ҳаёт йўлининг турли моҳият касб этувчи пасту баланд воқеликларга бой, лекин такрорланмас саҳифалари, унда ўзига хос залвор, қудрат ва буюкликнинг мужассамлиги, бу эса умр фалсафасининг олий нуқтасини ифодалашини инсон руҳиятига маърифий озиқ беради, ҳаётий салмоқ ва кўтаринкилик бағишлайди. Олий нуқтани эгаллаш эса, юксак мартаба бўлиб, маърифат нурининг сўнмас булоқларидан қониб сув ичиб, маънавий такомилга етишишдир. Маънавий такомилга етишишнинг асосий мақсад ва муддаоси жамият ҳамда халқ манфаатини кўзлаш билан қоришиб кетиши билан изоҳланади.
Бу она диёр олдидаги юқори масъуллик бўлиб, қалб қўри, юрак амри билан ўз туғилиб ўсган юртини салобатини эллар аро янада кўз-кўз қилиш, маънан тарғибот қилиш жараёни демакдир. Саъдулла Ҳакимнинг эришган ютуқлар замирида доимо туғилиб ўсган ватанини севиши, табиатга ошно бўлиши, ўз яқинлари, ёр-биродарларига доимо меҳр кўрсатиши, эл-юртни чуқур ҳурмат қилиши, шунингдек ана шундай туйғулар оғушида ўз устида тинмай изланиши, ўз билимини тинмай ошириб бориши, шогирдларига сахийлик билан улашиб бориши каби юксак фазилатлар ётади.
Саъдулла Ҳаким умри давомида доим изланишда бўлди, халқимиз маънавиятини юксалтириш, инсонни баркамолликка ундашда адабиёт ва журналистика орқали катта журъат ва масъулият билан ижод қилди. 2020 йил 11 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этди.
Акбар Саитқосимов,
фалсафа фанлари доктори, профессор.