Замонавий гаджетлар болаларга қандай таъсир қилади?
Ҳаётнинг барча жабҳаларида технология кириб борган замонавий дунёда, технологиялардан воз кечиш жуда мушкул, шу жумладан болаларда ҳам. Ҳаётининг эрта ёшидан бошлаб улар ота-оналари телефон, планшет ва компьютерлардан иш ва дам олиш мақсадида қандай фойдаланаётганларини кузатиб боради.
Шуни ёдда тутиш керакки, болалар учун энг муҳими – бу катталарни уларга намуна бўлишидир, — дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети педиатрия кафедраси ассистентлари Дилбар Исламова ҳамда Мақсуда Ашурова. — Агар сиз болангизни гаджетларни нормада ва фойдали мақсадда қабул қилишини хоҳласангиз, демак, сиз буни ўзингизни малакангиз билан кўрсатиб беришингиз керак. Агар сиз болангиз кечки пайт ва туни билан интернетда ўтиришини хоҳламасангиз, унда ўзингиз ҳам бу ишни қилманг!
Кўриш қобилиятига ва қоматга таъсир қилиши билан бир қаторда, улардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш эрта ёшда ривожланишдан орқада қолишга олиб келади. Болада катта ва кичик моторика, нутқ ҳам ривожланмайди. Контентдан ва телефондан фойдаланиш вақти назорат қилинмаса, ўзининг тенгдошлари билан мулоқот қилиш ва бошқа кундалик фаолият билан шуғулланишда: қандай ярашиб олиш, ўзини фикрида қолиш, ўзини нуқтаи назарини исботлаш ёки аксинча, баъзи бир масалаларда чекинишда муаммолар туғилиши мумкин.
Бола учун асосий муаммо, бу табиий ҳаётий мулоқотни техника билан алмашиниб қолиши ҳамда куннинг асосий қисмини у билан ўтказишидир.
Бутун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) 2019 йилда нашр этилган тавсиясига кўра, 1 ёшгача бўлган болалар экран қаршисида ўтиришлари керак эмас. 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар максимал 60 дақиқа гаджетлардан фойланиши мумкин. Бироқ, қанча кам бўлса шунча яхши. ЖССТ мутахассислари кичик ёшдаги болаларни экран қаршисида ўтказадиган вақтини фаол ўйинлар билан алмаштириш кераклиги маслаҳат беради.
Гаджетлардан фойдаланишга йўл қўймасликдан ҳеч қандай наф йўқ, бу ота-оналарига нисбатан болаларни норозолиги ва қаршилигига сабаб бўлади, бу мунособаталарни бузилишига ҳамда гаджетлардан яширин тарзда, масалан, кўчаларда ва ўртоқлариникида фойдаланишга олиб келиши мумкин. Экран қаршисида ўтказиладиган вақтни қисқартириш, танаффуслар бериш, гаджетлардан тўлиқ чеклаш вақтларини белгилаш, масалан, овқатланиш пайтида ҳамда, кўраётган нарсаси ёшига мос келишини ва таълим жиҳатидан фойдали эканлигини назорат қилиш тавсия этилади.
Шуни ёдда тутиш керакки, болалар ташқи муҳит билан ўзаро мулоқотга, жисмоний фаолликка эҳтиёж сезади. Шунинг учун, гаджетлардан фойдаланиш бошқа фаолиятлари билан, масалан, китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш, тоза ҳаводаги ўйинлар ва оила аъзолари ҳамда дўстлари билан мулоқотда бўлиш билан мутаносиблаштирилган бўлиши керак.
Гаджетлар ёмонлигини ҳақида гапириш, уларни йиғиб олиш ёки тақиқлаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлмайди, чегаралаш ва унинг ўрнига бошқа нарсани таклиф қилиш, масалан, фаол ўйинлар ёки бирор бир ютуқлари учун уни олдиндан рағбатлантириш натижа бериши мумкин.
Узоқ вақт давомида бир хил ҳолатда туриш ёки бошини эгиб ўтириши, умуртқа поғонасининг патологиясига олиб келади. Бу умуртқа поғонасига ҳаддан зиёд зўриқиш бериш (ўтирган ҳолатда у 40 фоиз юқори) билан характерланади ва сколиоз, кифоз ёки лордоз – умуртқа поғонасининг қийшайишига олиб келади.
Экрандаги тасвирлар нотабиий даражада ёрқин ва ясси бўлади, бу кўз аккомодациясини – жисмларни турли масофадан кўра олиш ва уларни масофасини баҳолашни қийинлаштиради ва бузилишга олиб келади. Бунинг натижасида кўзларда қуриш, ачишиш, санчилиш ва бош оғриқлари пайдо бўлади. Оқибатда узоқ вақт давомида кўзларнинг зўриқиши миопияга ва кўриш нервининг зўриқишига олиб келади.