Замонавий лабораторияларда бажарилаётган илмий-тадқиқотлар самара беряпти
Бугунги кунда университетимизда жаҳон андозаларига мос бўлган 13 та замонавий ўқув ва илмий лабораториялар фаолият кўрсатиб келмоқда. Бундай лаборатория жиҳозлари ёрдамида кўплаб лаборатория текширув таҳлиллари, турли шакллардаги дори-дармонларни тайёрлаш, биотехнологик жараёнларни аниқлаш ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Замонавий асбоб-ускуналарга асосланган ҳолда олдимизда турган асосий вазифаларимиздан бири сифатида айтадиган бўлсак, университетимиз олимлари, магистрлар ва докторантлар билан биргаликда илмий тадқиқотларни соҳа амалиётидаги мавжуд муаммоларни ечимларига қаратишимиз зарур. Чунки якунланган илмий-тадқиқод ишлари амалиёт билан ўзаро боғлиқ бўлиши ва иқтисодий самара бериши зарур.
Ҳозирги кунда ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан йилнинг ҳар бир ойида фундаментал, инновацион ва амалий илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича танлов эълон қилиб борилмоқда. Вазирлик томонидан танловда ғолиб бўлган илмий мавзуларда қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариш давлат томонидан молиялаштирилади.
Айтмоқчимизки, илмий-инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ва уни ривожлантириш учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратилган. Фақат биздан изланиш, ҳаракат ва меҳнат талаб қилинади.
Ю.Салимов, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети кафедра мудири.