Зарафшон дарёси ва бошқа сув ҳавзаларидан фойдаланишда қонун талабларига риоя этилмаяпти
Вилоят матбуот уйида Ўзбекистон Экологик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ташаббуси билан навбатдаги жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Партия етакчилари ва депутатлар аҳолининг сув ва оқова таъминоти, сув иншоотларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатларига жамоатчилик вакиллари иштирокида соҳа масъулларидан жавоблар эшитди.
Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев бугун дунё миқёсида сувдан оқилона фойдаланиш глобал масалага айланиб бораётгани, истеъмолчилар ўз бурч ва мажбуриятларини бажариши ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида ҳам экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани қайд этилиб, бу борадаги вазифалар алоҳида йўналиш сифатида белгиланди, – деди А.Ҳамзаев. – Чунки, бугун дунё миқёсида чучук сув захиралари камайиб, кўп минтақаларда қурғоқчилик кузатилмоқда, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси пасайиб бормоқда. Шунинг учун Конституциямизда сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Ана шундай шароитда сув хўжалиги ва таъминотига масъуллар, қолаверса, истеъмолчилар бу бебаҳо неъматдан самарали фойдаланиш, унинг исроф бўлишига йўл қўймаслиги ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади. Афсуски, партиямиз ва депутатларимизга бўлаётган мурожаатлар, жойлардаги кузатувларимиз айни пайтдаги сувга муносабатимиз бу талабларга жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Жумладан, Зарафшон дарёси ва бошқа сув ҳавзаларидан фойдаланишда амалдаги қонун талабларига риоя этилмаслиги, сув ва оқова тармоқларида тез-тез авариялар юзага келаётгани, туманларда оқова тизими ва тозалаш иншоотларининг яхши ишламаслиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Жамоатчилик эшитувида шу ва бошқа ҳолатлар юзасидан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Депутатлар, маҳаллалар фаоллари ва жамоатчилик вакиллари сув ва оқова таъминоти, сув хўжалиги билан боғлиқ масалалар юзасидан масъулларга мурожаат қилиб, муаммоларга ечим сўради. Шунингдек, таклиф ва тавсиялар берилди.