@Zarafshonbot'га мурожаат: Боғча ходимасининг маълумотлари солиқ базасида чиқмаяпти
"Паст Дарғом тумани Қозоқнайман маҳалласида яшайман. Турмуш ўртоғим 2022 йилдан буён маҳалламиздаги 107-оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлаб келади.
2023 йил кредит олмоқчи бўлиб "Ипотека банки" туман бўлимига борганимизда базада унинг иш ҳақи маълумотлари чиқмади. Тўлаган солиқлари ҳам кўринмади. Бир йил давомидаги иш ҳақи маълумотлари чиқмагани юзасидан туман мактабгача ва мактаб таълим бўлимига, туман солиқ, молия бўлимларига, уларнинг вилоят ташкилотларига ҳам мурожаат қилдим. Аммо масалага ойдинлик киритилмади.
Мен билишни истайман: бу муассаса томонидан солиқдан қочиш мақсадида атай қилинганми ёки техник хатоми? Техник хато бўлса, шунча ташкилот нима сабабдан ҳалигача ечим топиб беролмаяпти?
Шу иш ортидан югуриб, эшитганим шу бўлдики, туман бўйича турмуш ўртоғимга ўхшаб, ишлаб туриб солиқ базасида бўлмаганлар оз эмас. Уларнинг сони юзлаб бўлиши ҳам мумкин. Тегишли ташкилотлар бу билан ҳам шуғулланиб кўришлари керак. Ҳамма корхоналар ҳам шу тарзда солиқдан қочаверса, ишлаётган одамнинг ўзи ҳам бу ҳақда билмаса, эртага яна кўплаб муаммоларни келтириб чиқараверади.
Шерзод Нарзиқулов, Паст Дарғом тумани.