@zarafshonbot‘га мурожаат: Кўрсам, имкониятим бўлганда ўзим созлатардим, кўрадиганлар эса кўрмасликка олмоқда
Самарқанд тумани Гулобод маҳалласидаги 3-уй, 13-хонадондан мурожаат қиляпман. Турмуш ўртоғим ва ўзим кўриш қобилиятимиз йўқлиги боис I гуруҳ ногиронимиз.
Икки йилдан ошдики, биз яшаётган хонадоннинг иситиш тизими (котёл)дан сув томчилайди. Бунинг оқибатида иситиш тизимининг аввал ток стабилизатори куйди, энди эса темир қурилмалар занглаб, девор сувоқлари кўчиб тушяпти.
Унинг устига, сув, оқова қувурлари атрофи бекитилмагани сабаб ертўладаги сичқонлар ҳам уйимизда “меҳмон” бўлиб, безовта қиляпти. Қурувчилар ваннахонамизнинг айни ювинадиган, сув сачрайдиган қисмига розетка ўрнатгани оқибатида бизни баъзида ток ҳам уриш ҳолати содир бўляпти.
Кўп қаватли уйни қурган ташкилот мутасаддиси аввалига созлаб беришни ваъда қилди-ю, кейин қўнғироқларимизга жавоб бермай қўйди. Маҳалламиз раиси имконияти йўқлигини айтган бўлса, туман уй-жой коммунал хизмат идораси вакиллари ҳали ҳудудимизда ширкат мавжуд эмаслигини баҳона қилишди. Туман ҳокимлиги мутасаддилари эса дардимизни эшитишни ҳам истамайди.
Илтимос, бизга ёрдам беринг!
Малика Облоқулова.