@zarafshonbot’га мурожаат: “Уйимга wi-fi ўрнатолмаганим боис Кореядаги дарсларим қолиб кетяпти”

Aссалом алайкум ҳурматли “Зарафшон” таҳририяти. Мен Пайариқ шаҳар Зебунисо кўчаси 8-“A” уй 18-хонадонда яшайман. Сизга Ўзтелеком Пайариқ туман филиалига қилган мурожаатимнинг ҳал қилинмай келинаётганлиги юзасидан ёзмоқдаман.

Мен 2018 йилдан буён Кореа Республикаси Даегу шаҳридаги Кеймюнг университетида Туризм ва манагемент соҳасида таҳсил олмоқдаман. Бугунги пандемик шароитда ватанимга, оилам бағрига қайтдим. Ўқишни масофавий шаклда олиб боришни тақазо қилаётган вазиятда интернет трафик нархлари ва тезлиги бироз муаммо келтириб чиқарди. Шу боис мен уйимга wi-fi ўрнатишга қарор қилдим ва Ўзтелеком Пайариқ бўлими ходимларига июль ойи бошида мурожаат қилдим. Мурожаатим муддатида кўриб чиқилавермагач, қайта мурожаат қилдим. Ўзтелеком ходимлари “ўзимиз бориб кўрамиз” деб, яна унутиб юборишди.

Шундан сўнг, 24 июль куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга шу ҳақда мурожаат йўлладим. Туман ходимларидан ўзини Музаффар деб таништирган киши 5 август куни мурожаатим юзасидан келиб, ҳеч қандай амалий иш қилмасдан, фикрнома ёзиб беришимни сўради (гувоҳ қўшниларимиз ҳам бор эди). Ёзиб бермаганимдан сўнг, томдан уйимгача (кўп қаватли уйда яшайман) сим тортиб келдида: “Ҳал бўлди, ёзиб бер, агар ёзиб бермасанг ойлигимдан 30 фоиз олиб қолиняпти. Болаларимнинг нонини яримта қилма”, деб илтимос қилди.

Мен инсонийлик юзасидан фикрномага эътирозим йўқ, деб ёзиб бердим. Кейин менга wi-fi аппаратини олиб, паспорт нусхаси билан ягона ойнага бориб рўйхатга қўйиб кел, мен ўрнатиб қўяман, деб ваъда берди.

Шу кундан буён сотиб олиб ўрнатган симимиз шу ҳолича турибди. Музаффар аканинг телефони ўчирилган. Туман ходимларидан ҳалигача садо йўқ. Мен Ўзтелеком ходимларига қайтадан мурожаат қилишимни айтгандим, “Қўлингдан келганини қил! Қўлимда фикрноманг турибди, қўлингдан ҳеч нарса келмайди” дейишди.

Мен 5-7 август кунлари дарсларимни танлашим ва рўйхатга олишим керак эди. Интернет сифати пастлиги сабаб сервирга кира олмадим ва дарс танлай олмадим. Бу мен учун жуда катта муаммо.

Яна бир қизиқ вазият. Мурожаатини ёзма аризасиз таниш-билиш орқали wi-fi ўрнатган кишилар 500 метр узоқликдан сим тортиб келган бўлса ҳам тўлови 250-300 мингдан ошмаган. Менга эса кўп қаватли уйнинг томидан ўтган тармоққа уланиш учун 400 мингдан ортиқ пул харажат қилишимни айтишди. 

Шу муносабат билан сизлардан илтимос, менинг кичик, аммо келажагим учун муҳим бўлган интернет масаласида ёрдам беришингизни сўрайман. Ўзтелеком ходимлари қачон уйимга wi-fi ўрнатиб беради?

Шаҳзод ТУРДИЕВ, талаба.