“Зарафшон”га юрагини боғлаган журналист эди

Ҳамкасбимиз Нормуҳаммад Сайфиддинов агар ҳаёт бўлганида, шу кунларда 76 ёшни қарши оларди. Афсуски, у киши 47 ёшида, ижодининг энг жўшқин, сермаҳсул палласида оғир касалликдан сўнг вафот этди.

Нормуҳаммад ака институтни тамомлагач, дастлаб ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланди. Кейинчалик Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани газетасида иш бошлаб, мухбирлик сир-асрорларини пухта ўзлаштирди. Меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги ва масъулияти туфайли қисқа фурсатда масъул котиб лавозимигача кўтарилди. Бу давр унинг касбий камолоти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Яхши эслайман, Нормуҳаммад ака “Зарафшон” газетасида фаол ижод қилди. Айниқса, спорт мавзусидаги материаллари билан ўқувчилар эътиборини қозонди, спорт бўлимига раҳбарлик қилди. Унинг мақолаларида ҳаётийлик, самимият ва таҳлилий ёндашув яққол сезилиб турар эди. Кейинчалик у “Самарқанд” газетасига муҳаррир этиб тайинланди. Бу вазифада ҳам у ўзининг ташаббускорлиги, ташкилотчилик қобилияти ва ижодий салоҳияти билан жамоа ҳурматини қозонди.

Мен “Зарафшон” газетасига ишга келганимда, Нормуҳаммад ака аллақачон “Самарқанд” газетасида муҳаррир сифатида фаолият юритаётган экан. Шунга қарамай, у киши кўп йиллик қадрдон маскани бўлган “Зарафшон” таҳририяти билан алоқани узмади. Вақти топилди дегунча бу ерга келиб, ҳамкасблар билан суҳбатлашар, газета саҳифаларида чиққан мақолаларни муҳокама қилар, янги мавзу ва ғоялар устида фикр алмашар эди.

Нормуҳаммад ака табиатан хушчақчақ, очиқкўнгил ва самимий инсон эди. У жамоани доимо бирликка, соғлом турмуш тарзига чорлар, спорт билан шуғулланишга илҳомлантирарди. Унинг ташаббуси билан кўплаб спорт тадбирлари ўтказилгани ҳам ёдимда. Машҳур спортчи Мамажон Аҳмедов сулоласи ҳақида ёзган “Полвон” ҳужжатли қиссаси эса унинг ижодий изланишлари нақадар кенг қамровли эканини кўрсатади.

У нафақат моҳир журналист, балки ибратли ота ҳам эди. Турмуш ўртоғи Мўътабар ая билан биргаликда Баҳодир, Акмал, Аъзам ва Дилдора исмли фарзандларни тарбиялаб, уларни ҳаётда ўз ўрнини топадиган инсонлар этиб вояга етказди.

Бугун биз, таҳририят ходимлари, Нормуҳаммад Сайфиддиновни ҳар йили, ҳар доим самимият билан ёдга оламиз. Унинг ёрқин хотираси, самимий кулгуси, мазмунли суҳбатлари ва бой ижодий мероси қалбимизда абадий сақланади. У киши ортида қолдирган эзгу ишлар ва ибратли ҳаёт йўли эса келажак авлод журналистлари учун ҳамиша ўрнак бўлиб хизмат қилаверади.

Дилмурод Тўхтаев.