«Зарафшон»нинг бугунги (2020 йил 11 апрель, №43) сонида ўқинг
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорларга мурожаат қилди. Унда ҳоким айрим тадбиркорларга ўз эътирозини билдирди: “Кимнинг кимлиги оғир пайтда, синовда билинади. Карантин пайтида ҳам, ундан кейин ҳам халқимизнинг кундалик эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар етказиб берилиши ва хизматлар кўрсатилиши керак. Бунинг учун тадбиркорларимиз карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият олиб бориши лозим. Афсуски, шу оғир кунларда ҳам айрим тадбиркорлар солиқдан қочиб, фаолиятини яшираётгани, ишчиларни расмийлаштирмай, конверт асосида ҳақ тўлаётгани кузатилмоқда. Давлатимиз раҳбари кейинги бир ой ичида бугунги мураккаб шароитда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга қатор имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича фармонлар қабул қилган бир пайтда баъзи шахсларнинг бундай ҳаракатлари ҳеч бир мезонга тўғри келмайди”.
***
Халқнинг тўқлиги ҳам, шодлиги ҳам, аввало Худо, қолаверса, пешона теримиз билан қилаётган беминнат меҳнатимиз ва яратувчанлигимиздандир. Бундай вазиятда коронавирус хавфига қарши комплекс тадбирларни амалга оширишда ҳар бир деҳқон ўрнак бўлиши, унинг салбий оқибатларининг олдини олишда ташаббусни қўлга олмоғи зарур. Хўш, пахтачилик томорқачилар бу хайрли ишга қандай ҳисса қўшмоқда? Бунинг учун хонадонларида қандай ишларни амалга оширмоқда? Масалан, туманнинг Қувондиқ маҳалласи аҳлининг асосий қисми томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, помидор, бодринг, кўкат етиштириш билан шуғулланади. Улар бугун эл дастурхонига қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беряпти? Нега бу ерликлар учун янги оилага аталган томорқа ерга уй қуришдан олдин иссиқхона қуриш одатга айланган?
***
Самарқанд нонлари. Бугун унга талаб барибир юқори. Лекин ҳозирда бозорларда қатор туриб, харидор талашадиган сотувчилар кам. Ҳатто айрим нон цехлари фаолияти тўхтади. Аммо аҳолининг нонга бўлган эҳтиёжини қондириш зарур. Хўш, бугунги карантин даврида нон ҳар куни қанча ва қандай тайёрланяпти? Нон тайёрлашда гигиена қоидаларига амал қилиняптими? Новвойлар ун харид қилишда муаммоларга дуч келмаяптими?