Зарар қарздорнинг иш ҳақига қаратилган ва қўшимча ундирув чоралари кўрилмоқда
“Зарафшон” газетасининг 2020 йил 31 октябрдаги сонида “МИБ Тойлоқ тумани бўлимида “дам еб ётган” ҳужжат ижросини ким таъминлайди?” номли мақола жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Самарқанд ҳарбий судининг 2020 йил 27 январдаги қарздор Қаршибоев Шерзоддан ундирувчи Файзиев Арзимурод фойдасига 23 миллион 53 минг 271 сўм моддий зарарни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Тойлоқ тумани бўлими иш юритувига 2020 йил 29 февралда келиб тушган ва шу куни ижро иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, Самарқанд ҳарбий судининг қарори қарздор Шерзод Қаршибоевдан ундирувчи К.Раҳимов фойдасига 2 миллион сўм маънавий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ҳам туман бўлими иш юритувига шу куни келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.
Шунингдек, мазкур суд қарорида қарздор Шерзод Қаршибоевдан ундирувчи Самарқанд вилояти қўриқлаш бошқармаси фойдасига 6 миллион 891 минг 207 сўм зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ҳам келиб тушган ва шу куни ижро иши қўзғатилган.
Давлат ижрочисининг 2020 йил 17 мартдаги қарорига асосан, қарздор Ш.Қаршибоевнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Мутасадди идоралардан сўров хатлари асосида олинган маълумотларга кўра, қарздорнинг шахсий эгалигида ундирув қаратилиши мумкин бўлган мулклари (уй-жой, квартира, бошқа кўчмас мулк объектлари, автомототранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникалари, суғурталанган мулклар, қимматли қоғозлар, омонат жамғармалари) ва бошқа даромадлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Қарздор Ш.Қаршибоевдан зарар пулларни ундириш учун унинг доимий яшаш манзили бир неча маротаба, хусусан, охирги марта 2020 йил 24 сентябрда кўздан кечирилганда, зарарни қоплаш учун қаратиладиган мол-мулклари мавжуд эмаслиги аниқланиб, тегишли далолатнома расмийлаштирилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.Қаршибоев Тойлоқ тумани “Ортиқ ота БУЗ” фермер хўжалигида ишлаётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддасига ҳамда давлат ижрочисининг 2020 йил 24 сентябрдаги талабномасига асосан, зарар суммалари қарздорнинг иш ҳақига қаратилган.
Шунингдек, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздордан 1 миллион 150 минг сўм ундирувчи фойдасига ундирилган. Ундирув ишлари давом эттирилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.