“Зарб наво” доирачилар гуруҳи Республика босқичига йўлланма олди
Вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида доира санъати бўйича иқтидорлиларни аниқлаш ва уларнинг ижодий қобилиятини ривожлантиришга кенг имконият яратиш мақсадида “Зарб-2019” ёш доирачилар кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда 6 ёшдан 10 ёшгача бўлган “Баркамол авлод” марказлари тўгарак аъзолари гуруҳ ҳамда яккахон чиқишларда ўз истеъдодларини намойиш этди.
- Вилоятимизда 1000 нафардан ортиқ ёшлар доира сир-асрорларини ўрганиб келмоқда, - дейди Самарқанд вилоят доирачилар жамияти раиси Жамол Ибрагимов. – Бугунги танлов уларнинг иқтидорларини рағбатлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратади. Танловда ўқувчилар икки босқичда - уста Олим Комилов ижодига тегишли “Қўш қарс” асарининг иккинчи қисми ҳамда эркин мавзуда ижро маҳоратлари бўйича баҳоланади. Шунингдек, ижро маҳорати, саҳна либослари, ўзини тутишига ҳам алоҳида аҳамият берилади.
Танлов якунига кўра, Самарқанд шаҳар “Баркамол авлод” маркази тўгарак аъзоси яккахон йўналишда Абдулазиз Абдуллаев ҳамда марказнинг “Зарб наво” гуруҳи олий ўринга муносиб топилиб, Республика босқичига йўлланма олишди.
Наргиза Қобилова.