“Баркамол авлод” болалар мактаби эътибордан четдами?
“Баркамол авлод” болалар мактаблари мактаб ўқувчиларининг дарсдан бўш вақтларида турли тўгаракларга жалб этади. Ўқувчилар ихтиёрий равишда ўзи ёқтирган тўгаракка қатнашади. Кимдир шахмат сирларини, кимдир бичиш-тикиш, кимдир компьютерда ишлашни ўрганади. Аммо, кейинги пайтларда “Баркамол авлод” болалар мактабларига эътибор сусайгандек. Хўш, нега?
Паст Дарғом туманига сафаримиз чоғида тумандаги “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолияти билан танишдик.
- Ўқув биномизнинг сиғими 100 ўринли, мактабимизга 320 нафар ўқувчи қатнайди, - деди мактаб директори Суҳроб Умурзоқов. – Туман мактаблари қошида ҳам филиалларимиз бор, жами 1400 нафар ўқувчини 13 та тўгаракка қамраб олганмиз. Мактабга ўқувчилар икки навбатда, яъни эрталаб ва тушликдан кейин келади. Машғулотлар соат 9:00 да ва 15:00 да бошланади.
Биз тумандаги “Баркамол авлод” болалар мактабига борган чоғимиз эрталабки машғулотлар тугаган экан. Болаларни тўгарак машғулотларида кўрмадик.
Тўгарак раҳбарларига қанча иш ҳақи тўланади?
Мактабда 48 нафар ўқитувчи бўлиб, уларнинг асосий қисми ўрта махсус маълумотга эга. Сабаби, “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгарак раҳбарларига 1 штат бирлигида 1 миллион 357 минг сўм иш ҳақи тўланади. Шунинг учун ҳам олий маълумотли мутахассислар кам маошга ишламайди.
Тўлов қанча?
“Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчилари ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи, яъни 12 350 сўм миқдорида йиғими тўлайди. Фақат кам таъминланган оила фарзандлари, ногиронлиги бўлган болалар ушбу тўловдан озод қилинган. Аммо взнос пулларини мактаб маъмурияти тўғридан-тўғри ишлата олмайди. Мактаб учун сотиб олинадиган ҳар бир асбоб-ускуна ёки маҳсулот турли қоғозбозликлардан сўнг олинади.
Мактабда қандай муаммо бор?
Мактаб директорининг айтишича, уч йилдан бери работотехника ва ментал арифметика мутахассиси топилмаяпти. Шунинг учун мактабда ушбу йўналишлар бўйича тўгарак ташкил этилмаган, лекин ўқишни истовчи талабгорлар бор. Шунингдек, мактабда электр энергияси йўқлиги ва хоналар совуқлигига гувоҳ бўлдик.
Мақташга арзирли ютуқлар ҳам йўқ эмас
2021 йилнинг февраль ойида тўгарак раҳбари Шерали Халилов шахмат бўйича вилоят чемпионатининг ярим финал босқичида ғолиб бўлди. Шунингдек, ёш шахматчилардан – Муроджон Раҳмонқулов, Азиза Азимова, Жафар Қўчқоров, Камрон Сайфуллаевлар ҳам ушбу мусобақада ғолибликка сазовор бўлди.
***
Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрда қабул қилинган “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2024 йилга қадар “Баркамол авлод” болалар мактабининг жами тўгарак раҳбарлари сонига нисбатан 50 фоиз олий маълумотли мутахассислар билан тўлдирилиши белгиланган. Мазкур қарорга кўра, бу ердаги ўқувчилар сони умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар сонининг 10,5 фоизини ташкил этиши кўзда тутилган. Шунингдек, эксперимент тариқасида ҳар бир туманда битта умумий ўрта таълим мактабларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ташкил этилиши белгиланган.
Бугун Паст Дарғом туманида 127 та мактабда 66 873 нафар ўқувчи таҳсил олади. Тумандаги “Баркамол авлод” болалар мактабига ўқувчилар қамрови 10,5 фоиз бўлиши учун умумтаълим мактабларидан 7 мингдан ортиқ бола қатнаши керак. Атиги 100 ўринга эга “Баркамол авлод” болалар мактаби табиийки бундай қувватга эга эмас. 2024 йилга қадар ўқувчилар сонининг ортишини ҳисобга олсак, Президент қарорининг ижросини таъминлаш учун туманда янги, замонавий ва кенг сиғимга эга “Баркамол авлод” болалар мактаби қурилиши лозим. Аммо буни ким ва қачон қилади?
Хуршида Эрназарова.