Файзулла Хўжаев уй-музейи: Жонланган тарих

Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаевнинг уй-музейи ХIХ аср меъморчилигининг ёрқин намунаси бўлиб, сайёҳлар учун очиқ. Ҳар куни соат 09:00 дан 17:00 гача ташриф буюриш мумкин. Сайёҳлар орасида жуда машҳур бу тарихий мажмуа ХIХ аср охирлари Бухоро тарихи ва маданияти, ўша даврдаги савдогарлар ҳаёти, уй жиҳозлари ва нодир санъат намуналари билан танишиш имконини беради.

Бино Бухоро шаҳрининг маркази, Абдулла Тўқай кўчаси, 70-уйда жойлашган. Уй-музей даставвал машҳур савдогар Убайдулло Хўжа Қосим Хўжаевга тегишли бўлиб, кейин унинг ўғли Файзулла Хўжаевга ўтган. Майдони 3 гектар.

Уй ўтган аср ўзбек меъморчилик анъаналарига кўра икки қисм, эркаклар ва турли қабуллар учун ташқи ҳовли ва маҳрамлар, аёлларга аталган ички ҳовлиларга бўлинган. 

Шунингдек, маиший хоналар, марказий “меҳмонхона” яшаш хонаси, бир нечта кичик яшаш хоналари ва пешайвонлардан иборат. Хоналар ўймакорлик санъати, антиқа буюмлар, эксклюзив мебеллар ва ноёб безаклар билан безатилган. Хоналарда ўша даврнинг қимматбаҳо идишлари, уй-рўзғор буюмлари, кийимлар, чинни идиш ва бошқа ҳашамдор экспонатларни учратасиз.

Убайдулло Хўжаев ўз давомчиларининг тарбияси ва ҳар томонлама билим олишига жуда катта сармоя тикади. Фарзандлари учун ўша даврнинг энг зўр муаллимларини олиб келади, ўғилларини Россияга ўқишга юборади.

Файзулла Хўжаев савдогар-тадбиркор отаси изидан бормай, давлатчилик фаолияти билан  шуғулланишга қарор қилади ва бу соҳада сезиларли муваффақиятларга эришиб, чинакам ўзбек сиёсатчиси бўлиб етишади. 

У 1916-1920 йилларда “Ёш бухороликлар” партиясига аъзо бўлиб, тезда раҳбарлик вазифасини ўз зиммасига олади. Унинг ҳамкори, бироз вақт ўтгач эса яқин дўсти тарихчи, шоир Абдурауф Фитрат эди. Файзулла Хўжаев жадидчилик ғояларини илгари суради.

1937 йилда у НКВД томонидан ҳибсга олиниб, 1938 йилда унга нисбатан ўлим жазоси қўлланилади. 

Кейинчалик унинг укаси Азиз-ғолиб ҳам қатағонга учрайди. 1965 йилда Хўжаевлар оиласи номи тўлиқ тикланиб, улар расман қатағон қурбонлари деб тан олинган.