Zarnews.uz’даги сўров натижаларига Даврон Жуманиёзов изоҳ берди
Ўтган ҳафта zarnews.uz сайтида “Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасалари томонидан Сизга кўрсатилаётган тиббий хизматлардан қониқаяпсизми?” деган савол билан ижтимоий сўров ўтказган эдик.
Унда иштирок этганларнинг 31 фоизи “Хусусий тиббий хизматлар сифатлироқ” деган жавобни, 29 фоизи “Хизмат ҳақлари қиммат”лигини белгилаган. 18 фоиз респондент эса “Давлат тиббиёт муассасалари хизмати маъқул” деган тўхтамга келган. Сўровда қатнашганларнинг 10 фоизи “Иккаласи ҳам маъқул эмас” деган. 8 фоиз иштирокчи “Ҳар ҳолда яхши” деган жавобни, 4 фоиз қатнашчи эса “Менга иккаласи ҳам маъқул”деб белгилаган.
Мазкур сўровнома якуни бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзовнинг фикрлари билан қизиқдик:
– Бугунги кунда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг ҳаммасида ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва даражасини бир хил деб бўлмайди. Хусусий тиббиёт муассасаларида юқори малакали, ҳатто, хориждан келган шифокорлар замонавий тиббий асбоб-ускуналарда беморга ташхис қўйиб, муолажа қилишади. Шу сабабдан ҳам улар хизматидан кўпчилик қониқиш ҳосил қилмоқда. Улардаги замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиммат нархларда олиб келинганлиги сабабли бу тиббий хизмат нархига ҳам таъсир кўрсатмоқда.