Зайтун ҳақида нималарни биласиз?

Уни дарахтдан узиб олиб еб бўлмайди.

Зайтун дарахтининг ватани Жануби-Ғарбий Осиёдир. Кўп асрлар давомида бу мева одамларга озуқа бўлиб, карвонларда узоқ ҳудудларга олиб кетилган.

Зайтун дарахтлари Ўрта денгиз соҳилларидаги барча мамлакатларда экилган. Бир вақтлар, ҳатто Шимолий Африканинг тақир чўл ҳудудлари ҳам зайтун билан тўлдириб экилган. Айтишларича, қадимда Маккадан Марокашга саёҳат қилган киши доимо зайтун, хурмо ва анжир дарахтлари соясида бўлган.

Янги дунёга зайтун уруғи ва қаламчаларини испанлар олиб келган. Уларни Калифорниядаги манзилгоҳлари атрофига экишган. Натижада иссиқ, қуруқ иқлим шароитида дарахтлар яхши ўсиб кетган.

Ҳозирги вақтда зайтун Калифорнияда ҳосилнинг асосий тури бўлиб, Қўшма Штатлардаги зайтуннинг деярли ҳаммаси шу ерда етиштирилади. Аммо зайтун етиштириш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари ҳали ҳам Испания ва Италия бўлиб, Калифорния зайтуни дунёда етиштириладиган ҳосилнинг 0,9 фоизини ташкил қилади.

Зайтун ёғи қадимдан қадрланади. Шоҳлар одатда ўз бойлигини ертўлалардаги зайтун ёғи солинган хумлар сонига қараб баҳолаган. Крит оролида милоддан аввалги 2000 йилдан бери зайтун ёғи сақланиб қолган ертўлалар топилган.

Зайтун дарахти узоқ умр кўради. Гефсиман боғида, гарчи уларнинг танаси дастлабки ҳолатида бўлмаса ҳам, 2 минг ёшда бўлган зайтун дарахтлари бор. Чамаси, дарахтлар ёнидан униб чиққан янги кўчатлар ҳисобига янгиланган.

Қадимги юнонлар зайтунни ҳаёт, саломатлик ва унумдорлик дарахти, деб аташган. Меванинг тахир таъми маринадлангандан кейин йўқолади. Зайтун ёғи эса ўта шифобахш. Унинг шифобахшлик хусусиятлари шунчалик кўпки, аввало, соғлиқ учун энг фойдали маҳсулотлар қаторига киради. Пресслаш орқали олинган соф зайтун ёғи инсон организми томонидан 100 фоиз сўриладиган ноёб маҳсулотлардан биридир.

 Шоҳруҳ Ашуров тайёрлади.