Зебинисо Шодиева: “58 нафар битирувчи муддатидан олдин хориждаги олий таълим муассасалари талабаси бўлди”

Бугунги кунда халқ таълими соҳаси Президентимизнинг алоҳида эътиборида. Буни куни кеча Юртбошимизнинг мамлакатимиз мактабларини битираётган ўғил-қизларга йўллаган табригидан ҳам билиш қийинмас. Қолаверса, Самарқанд вилояти халқ таълими тизимида таълим сифатини ошириш борасида қатор ижобий натижаларга эришилмоқда.

Масалан, олий таълим муассасаларига кириш натижалари 2019 йил 30 843 нафар битирувчидан 2 556 нафари ОТМга кирган бўлса, 2020 йилга келиб, 53 572 нафар битирувчидан 5 359 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Бирорта ҳам битирувчиси ОТМга кирмаган мактаблар сони 2,5 баробарга камайди.

2021 йилда умумтаълим мактабларининг 11-синфини 50 647 нафар ўқувчи битириши кутилмоқда. Битирувчиларимиз орасидан муносиб намуна кўрсатган 653 нафар ўқувчига (577 та олтин, 76 та кумуш) олтин ва кумуш медаллар учун буюртмалар берилди.

Энг муҳими, бугунги кунга қадар 2020-2021 ўқув йили битирувчиларидан 58 нафари муддатидан олдин, танлов синовларидан муваффақиятли ўтиб, хориждаги олий таълим муассасалари талабаси бўлди. 

Каттақўрғон шаҳар 3-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Ш.Ҳамраева “Устоз-2020” миллий танловида ғолиб бўлди ҳамда The Global Teacher Prize йўлланмасини қўлга критди. Самарқанд шаҳридаги 60-сон ихтисослаштирилган мактаб интернати инглиз тили ўқитувчиси М.Барноева “Меҳридарё устоз” йўналишида ғолиб бўлиб, “Халқ таълими аълочиси” мукофоти билан тақдирланди.

АКТ соҳаси бўйича “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида 31 091 нафар ўқувчи ва ўқитувчилар рўйхатдан ўтди ҳамда 26 000 нафаридан ортиғи муваффақиятли тамомлаб, сертификатларга эга бўлди. Уларнинг 2 нафари ТОП-1000 талик рейтингда ғолибликни эгаллаб, 4,5 миллион сўмдан пул мукофотига эга бўлдилар. Барча мактаб директорлари учун АКТ саводхонлигини ошириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилди.