Зеленский 16 феврални бирлик куни деб эълон қилди. Бу сана Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкин бўлган кун деб айтилди
Украина президенти Владимир Зеленский халққа мурожаатида 16 феврални давлат байрами – Украина бирлиги куни бўлишини маълум қилди: «Бизга 16 феврални ҳужум куни бўлади дейишмоқда. Биз бу кунни бирлик куни сифатида нишонлаймиз. Тегишли фармон аллақачон имзоланган. Шу куни давлат байроқларимизни осиб, кўк ва сариқ ленталарни тақиб, бирдамлигимизни бутун дунёга намойиш этамиз».
Зеленскийнинг таъкидлашича, ҳозир Украина давлати “ҳар қачонгидан ҳам кучли” ва ҳар қандай таҳдидларга дош беришга тайёр.
Президент шунингдек, ҳукуматга 24 соат ичида “Украина жамиятини бирлаштириш” режасини тайёрлашни топширганини айтди. Жумладан, бунга ҳарбий хизматчилар маошларини ошириш ва одамларни "хавфсизликнинг ҳақиқий ҳолати тўғрисида" хабардор қилиш учун ахборот платформасини яратиш киради.
Бир қатор Ғарб ОАВлар манбаларга таяниб, 16 февраль куни Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаши мумкинлигини ёзган. Politico нашрининг ёзишича, АҚШ президенти Жо Байден НАТО давлатлари вакиллари билан суҳбатда 16 феврални босқин бошланишининг эҳтимолий санаси деб атаган. Расмий равишда Оқ уй бу маълумотни тасдиқлаш ёки инкор этишдан бош тортди.