Зеленский президентлик муддатини якунлаш арафасида. Сурияда хавфсизлик кенгаши тузилди. Ҳавоси ифлосланган шаҳарларнинг аксарияти Осиёда

🔹 Украина президенти Владимир Зеленский ҳукуматдаги фаолиятининг сўнгги босқичида, дейилади Financial Times газетасида. Унинг Вашингтонга муваффақиятсиз ташрифи ортидан қатор сиёсатчилар, жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланганига қарамай, парда ортида сайловларга фаол тайёргарлик кўрилмоқда. Зеленскийнинг 2024 йил майида тугаган ваколат муддати ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик баҳонасида узайтирилган эди.

🔹 Франция ва Буюк Британия Украина учун 37 давлатни қамраб оладиган кўпмиллатли хавфсизлик режасини ишлаб чиқмоқда. Лойиҳага кўра, Европа, Осиё ва Ҳамдўстлик давлатлари Украинанинг Россиядан узоқ муддатли мудофааси учун маблағ, қўшин, самолёт ёки кемалар ажратади. Британия расмийлари потенциал тинчликпарвар контингентни "тинчлантирувчи куч" деб атамоқда. Бугун эса АҚШ расмийлари Россия расмийлари билан Украинада ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш учун Москвага борган.

🔹 Сурия муваққат президенти Аҳмад ал-Шара мамлакат хавфсизлик кенгашини тузиш тўғрисида фармон чиқарди. Бу орада Канада Сурияга нисбатан молиявий санкцияларни олти ойга вақтинча юмшатишга қарор қилди ва янги гуманитар ёрдам учун 84 миллион доллар ажратмоқчи.

🔹 Мисрлик воситачилар Қуддус ва ҲАМАСга Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича янгиланган режани тақдим этди. Ҳужжат икки ойлик сулҳ, гаровга олинганларни босқичма-босқич озод қилиш ва ниҳоят урушни тугатиш бўйича тўғридан-тўғри музокаралар бошлашни назарда тутади.

🔹 Халқаро суд Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудлари олдидаги мажбуриятлари масаласи бўйича тингловларни бошлайди. Судга турли давлатлар ва халқаро ташкилотлардан 45 та ариза тушган.

🔹 Украина Американинг ATACMS тактик ракеталари захирасини тугатди.

🔹Аргентина полицияси Буэнос-Айресда ҳукуматнинг иқтисодий сиёсатига қарши намойишни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқ ва сув пуркагичлардан фойдаланди. Камида 20 киши яраланган, 150 га яқин киши ҳибсга олинган.

🔹 Кеча Қирғизистоннинг Ўш вилоятида содир бўлган зилзила натижасида 25 та уй, 12 та мактаб, болалар боғчаси ва тиббиёт муассасаси зарар кўрган, деб хабар бермоқда Республика фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

🔹 Ҳаво сифатини назорат қилувчи Швейцариянинг IQAi компанияси таҳлилига кўра, энг юқори даражада ҳавоси ифлосланган шаҳарларнинг аксарияти Осиёда экан. Ўта ифлос ҳаво Бангладеш, Покистон, Конго Демократик Республикаси ва Ҳиндистонда. Рўйхатга Осиёдан ташқари ягона шаҳар сифатида Марказий Африкадаги Чада пойтахти кирган.