Зиёратгоҳ ва қабристонларда оммавий ҳашар уюштирилди

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтган ҳафта шанба ва якшанба кунлари барча шаҳар ҳамда туманлардаги қабристонларда ҳашар ташкил этилди.

– Икки кун давомида мавжуд қабристонларнинг катта қисмида ҳашар ўтказилди, – дейди вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Унда тахминан, 20 мингга яқин фуқаро иштирок этди. 7 минг метрга яқин ариқлар тозаланиб, 45 тоннадан ортиқ чиқинди чиқариб ташланди. Шунингдек, 720 туп манзарали дарахт кўчатлари экилиб, 4500 тупдан ортиқ дарахт оқланди ва 560 та қабрнинг усти сомонли лой билан қопланди.

Шундай ҳашар Самар­қанд шаҳридаги "Найман" ҳамда Оқдарё туманидаги "Даҳбед" ва "Жарқишлоқ" қабристонларида ҳам ташкил этилди. Ҳашарда ободонлаштириш, тозалик ишларида ташкилотчилар, маҳалла аҳли иштирок этди. Натижада ҳудуд шох-шаббалардан, қабристон атрофи чиқиндилардан тозаланди ва ариқ йўллари очилди.

– Эрта тонгдан ҳашар бўлишини эшитиб, маҳалламиз ва қўшни Бозоржой, Даҳбед, Пахтаобод маҳаллаларидан ёшу қари келишди, – дейди Оқдарё туманидаги Алишер Навоий номли маҳалла раиси Ражаб Жумаев. – Қабристонлар тозалиги ва ободончилиги учун ўтказиладиган ҳашар инсонга меҳр-оқибат, одамийликдан сабоқ берувчи бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эга тадбир саналади. Буни англаган маҳалладошларимиз ҳашарда бирдамликларини кўрсатишди.

Баҳорнинг илк ойи якунига қадар шанба ва якшанба кунлари жойларда худди шундай ҳашар тадбирлари давом эттирилади.

Бобохон ПЎЛАТОВ.