Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кеча ва бугун: Таълим кредити олишдаги 8 фарқ

Кейинги йилларда олий таълимга қабул квотаси уч баробар оширилиб, ёшларнинг умумий қамрови 28 фоизга етказилди. Тўрт йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди. Олий таълим ташкилотларига давлат грантлари билан биргаликда тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилаётган талабалар сони ва шунга мос равишда таълим кредитларига талаб ҳам кескин ортиб бормоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча (давлат, нодавлат, Республика ҳудудидаги хорижий) олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун талабаларга қулай шароитлар яратиш, ёшларнинг илм-фанга бўлган интилишларини янада рағбатлантириш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида таълим кредити ажратишнинг янги тизимини йўлга қўйиш белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 августдаги “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида” 318-сонли қарори ўз кучини йўқотди.

Жорий йилнинг 17 сентябрига қадар янги тартиб асосида вилоятдаги тижорат банклари филиаллари томонидан 16 нафар талабаларга 235 млн. сўм кредит ажратилди.

Аввал ҳам таълим кредити ажратиш тизими мавжуд эди, мисол учун, 2020-2021 ўқув йилида вилоятдаги банк филиаллари томонидан 461 нафар талабага 4 667 миллион сўм таълим кредити ажратилган. Бугунги кунда вилоят банк тизимидаги таълим кредитлари қолдиғи 4 331 та кредит бўйича 16 594 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Шу ўринда “Жорий этиладиган янги тизимнинг шу вақтга қадар амалда бўлган таълимни кредитлаш тизимидан қандай фарқлари мавжуд?”, деган савол пайдо бўлиши табиий.

Мазкур саволга қуйида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

1-фарқ: Тижорат банкларига кредит ажратиш учун манба, унинг ҳажми, нархи ва муддати

     Кўзда тутилмаган

     Молия вазирлигининг юқорида келтирилган қарор асосида ташкил этилган Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан тижорат банкларига:

     - 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб,

     - Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст бўлган ставкада,

     - 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга ресурслар жойлаштирилади.

Яъни, таълим кредити узоқ муддатли ҳамда жалб қилинадиган кредит ресурслари учун тўланадиган фоиз харажатларини инобатга олганда паст фоиз ставкада бўлганлиги ҳамда банклар учун фойдали бўлмаганлиги учун тижорат банклари ушбу кредитни ажратишдан иқтисодий жиҳатдан манфаатдор бўлмаган. Бу эса талабалар томонидан таълим кредитларидан фойдаланишда қийинчиликларни келтириб чиқарган. Ажратилган кредитлар ҳам кўпроқ маъмурий таъсир ҳисобига бўлган.

Буни бугунги кунда вилоятда жами таълим кредитлари қолдиғининг 83 фоизи 18 та банкларнинг 6 таси (барчаси давлат улуши мавжуд банклар) ҳиссасига тўғри келишида ҳам кўриш мумкин.

Юқорида келтирилган қарор ижросига кўра, мазкур ҳолат ўзининг иқтисодий ечимини топди, яъни тижорат банклари жамғармадан олинган 10 фоизли ресурсларни 4 фоиз банк маржасини қўшган ҳолда 14 фоизли кредит қилиб ажратади.
Яъни, эндиликда 4 фоизлик маржа тижорат банк филиалини кўпроқ таълим кредити ажратишига иқтисодий туртки беради. 

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

2-фарқ: Кредит ажратиш муддати

     Бакалавриат талабаларига 10 йилгача, магистратурага талабаларига 5 йилгача бўлган муддатга

     Талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатга.

Яъни, талабаларнинг ўқиш давридаги фарқ (мисол учун тиббиёт таълим муассасалари бакалаври 6 йил)дан қатъи назар кредитнинг асосий қарзини тўлашда барча талабалар учун тенг шароит яратилди. Талабалик даврида кредит фоизи тўлаб борилади, ўқишни битиргач, 7 ой ичида ишга жойлашиб, ёки ўзини-ўзи банд қилиб даромад манбаига эга бўлгачгина кредитни тўлаш учун ўз имконига эга бўлади.

Аввалги тартиб бўйича 10 йилгача сўзидаги “гача” қўшимчасига эътибор қаратган ҳолда қисқароқ муддатга кредит ажратилган ҳолатларда талабалик даври тугамасданоқ асосий қарзни тўлашга тўғри келган.

Мисол учун, вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан кейинги 2 ўқув йили, яъни 2019-2020,
2020-2021 ўқув йиллари учун 1 027 нафар талабага 9 884 млн. сўм таълим кредитлари ажратилган бўлса, шундан 58 фоизи яъни 5 707 млн. сўм (650 нафар талабага) таълим кредитлари 3 йил ва ундан қисқа муддатга берилган, атиги 8 фоиз яъни 766 млн. сўм (66 нафар талабага) кредит 5 йил ва ундан ортиқ муддатга ажратилган. 

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

3-фарқ: Кредитнинг йиллик фоиз ставкаси

    2020 йил 1 январгача Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкаларида.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 декабрдаги ПФ-5893-сон Фармонига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб фоиз харажатларининг бир қисмини «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор ставкаларида.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сон қарорига асосан бозор ставкаларида.

     Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида (Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади).

    Ҳозирда 14 фоиз.

2020 йил 1 январдан кейин 624 нафар талабага ажратилган 5 834 миллион сўм таълим кредитларининг 98,4 фоизи 20 ва ундан юқори фоиз ставкада ажратилган бўлиб, уларнинг ўртача тортилган фоиз ставкаси 23,5 фоизни ташкил этмоқда.  

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

4-фарқ: Қайси банклар томонидан ажратилиши

     Таълим кредитлари, қоидага кўра, қарз олувчи яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банклари муассасалари томонидан берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 декабрдаги ПФ-5893-сонли Фармонига асосан ушбу талаб ўз кучини йўқотган.

     Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда белгиланган 6 та мувофиқлик мезонларига  жавоб берадиган тижорат банклари.


Таълим кредити ажратиш бўйича аниқ ресурс манба мавжуд бўлмаганлиги сабабли таълим кредити айнан қайси банклар томонидан ажратилиши борасида аниқ манзилли рўйхатнинг шаклланмаслигига олиб келган эди.

Янги тартиб билан эса таълим кредити ажратиш учун банкларга ресурс жойлаштирувчи жамғарма ташкил этилиши билан биргаликда, ушбу жамғарма ҳисобидан таълим кредитини ажратувчи тижорат банкларига бир қатор мувофиқлик мезонлари ўрнатилди.

Мисол учун, жамғармадан ресурс жалб қилмоқчи бўлган банк:

-  таълим кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартибга эга бўлиши лозимлиги;

- «Fitch Ratings», «Standard & Poor’s», «Moody’s Investors Service» халқаро рейтинг агентликларининг «В»,  «В2» рейтингидан паст бўлмаган рейтингга эга бўлиши;

- 500 миллиард сўмдан кам бўлмаган регулятив капиталга эга бўлиши;

- Давлат бюджети ва Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги;

- Марказий банк томонидан белгиланган пруденциал нормативлар бузилганлиги сабабли унга нисбатан таълим кредити берилишига тўсқинлик қилувчи амалдаги чора ва санкциялар мавжуд бўлмаслиги каби мезонланга муносиб бўла олиши лозим.

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

5-фарқ: Ижтимоий муҳофазага муҳтожлар учун кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлар

     Чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига - ноль фоиз ставкасида (фоизсиз кредит), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллигида ажратилади.

     Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман/шаҳар Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади. 

     «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Вилоятдаги банклар томонидан кейинги 5 йилда бор-йўғи 15 нафар талабага 101 миллион сўм кредит
 “0” фоиз билан ажратилган.   

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

6-фарқ: Тижорат банкларида ариза ва унга илова қилинган тўла ҳужжатлар тўпламини кўриб чиқиш ва кредит шартномасини имзолаш ёки кредит берилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилиш муддати

     10 иш куни мобайнида 

     5 иш куни мобайнида 


Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

7-фарқ: Таълим кредитларининг таълим муассасасига ўтказилиши муддати

     Ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлган ҳолда:  янги талабалар учун биринчи ярим йиллик учун
1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун
15 мартигача тўланади.

    Иккинчи йилидан сентябрь ва мартнинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

     Тўлов-контракт миқдорининг 25 фоизи бўйича — кредит олувчилардан ҳар йили 1 сентябрга қадар кредит олиш учун келиб тушган аризалар асосида;

тўлов-контракт миқдорининг 50, 75 ва 100 фоизи бўйича — ўқув йили давомида таълим кредити шартномаси тузган кредит олувчилар эҳтиёжи ҳисоб-китобидан ва ҳар йили, мос равишда, 15 декабрь,
15 март ва 15 июнга қадар кредит олиш учун янги келиб тушган аризалар асосида ўтказилади.

Мисол учун, ўртача 10 миллион сўмлик контракт тўловининг таълим муассасасига 4 га бўлиб ўтказилиши натижасида 1 йилда 160 минг сўм, 4 йилда энг камида 640 минг сўм маблағ талаба ёнида қолади.

Ҳозирга қадар мавжуд бўлган тартиб

Жорий этилган янги тартиб

8-фарқ: Кредитни қайтариш муддати

     Талаба томонидан олий таълим муассасасида ўқишнинг таълимнинг ушбу тури учун расмий белгиланган муддати тугаллангандан уч ой ўтгандан сўнг бошланади.

     Талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб.

Талаба ўқишни тугатгач ишга жойлашиб ёки ўзини-ўзи банд қилиб, даромад манбаига эга бўлади ва кредитни тўлаш учун кўпроқ муддат қолади.

Дарвоқе, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағларидан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан бериладиган таълим кредитларига юқорида келтирилган шартлар татбиқ этилмайди. Олий таълим ташкилотида таҳсил олиш мақсадида табақалаштирилган тўлов-контракт (“супер контракт”)ни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун ушбу Жамғарма ҳисобидан таълим кредити ажратилмайди.

 Шерзод СУВОНҚУЛОВ, Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.