Мутолаа: Набира (ҳикоя)
Шоҳида дарвоза тепасига ўрнатилган қўнғироқ тугмасига қўл узатди. Бироқ, ичкаридаги гап-сўзлар қулоғига чалиниб дарҳол қўлини тортиб олди. Тирқишдан ҳовли томонга мўралади. Ёғоч сўрида ўтирган қайнонаси тинмай гапирар, қўшнилари – Зарифа келинойи эса унинг сўзларини индамай эшитар, ҳар-ҳар замонда бош чайқаб қўярди.
- Бугун эрталаб турсам ҳаммаёқ жимжит. Кун ёйилиб кетган. “Ҳой, бу уйда тирик жон борми?” деб бақирганимдан сўнг бу кишим аста эшик очиб чиқдилар. Мени кўриб, ўзларича баҳона қидирдилар. “Кечаси ўтириб дарс қилгандим” дейдими-ей...
- Энди... Институтда ўқиш осонми, чарчайди-да!
- Койисам “хўп-хўп” дейди-ю, сўнг барибир билганини қилади. Ўғлимниям ўзига оғдириб олган. Бошда шу иш бекор бўлди ўзи. Бировнинг қоғоздаги қанддек қизига оғиз солгандим-а, бу ёқда боласи тушмагур “Шундан бошқасини олмайман” деб туриб олди-да, айланай.
Шоҳида ортиқ чидолмади. Қўнғироқни зарб билан қайта-қайта босаверди. Кейин нима бўлгани аён: қайнонаси шоша-пиша келиб дарвозани очгани, кўзида жиққа ёш билан турган Шоҳидани кўргач, юзини чирт ўгиргани, сўнг “Бу кишимга тағин нима бўлибди?” деб тўнғиллагани, бу орада Зарифа келинойи саросималаниб, гулзор ёнидаги крандан бир пиёла сув олиб узатгани...
Шоҳида ётоқхонадаги каравотга беҳолгина чўкаркан, ҳозирги манзарани яна бир карра хаёлдан ўтказар, “Уларга кўз ёшимни кўрсатиб нима қилардим?” дея ўз-ўзини койирди. Ахир нима қилсин, қайнонасининг охирги гапи суяк-суягидан ўтиб кетди. Гўё у бировнинг қоғоздаги қанддек қизини келин қилмоқчи бўлган экан-у, бу ёқда Шоҳида учраб қолиб ҳамма ниятлари пучга чиққанмиш! “Хўш, мен-чи? Мен ҳам бировнинг кўзга сурган дилбанди, асраб-авайлаб ўстирган покиза қизи эдим-ку? Айбим шу аёлнинг ўғлига кўнгил қўйганимми?
Бир вақтлар Шоҳида аллақачон турмуш қилиб кетган дугоналарининг уйларига бориб турар, улар гап орасида қайноналаридан нолиб қолишса у дарров “Э, ўзингдан ўтган, кекса аёл-ку у, сўзларига хўп деб қулоқ солиб турсанг олам гулистон”, деярди.
Шунда дугонаси “бошингга тушганда биласан” дерди секингина. Шоҳида бўш келмасди: “Вақти келиб эрга тегсам, қайнонамга шундай яхши муомала қиламанки, кейин у мени ўз қизидай кўра бошлайди!”.
Мана, энди бўлса...
Шоҳида шу уйнинг остонасидан кириб келган куннинг эртасигаёқ қайнонаси уни кўпам ҳушламаётганини сезиб қолди. Ўшанда у янги келин эмасми, барвақт туриб ҳовли ва йўлакларни супуриб-сидирди, нонушта тайёрлади. Сўнгра қайнонасининг хонасига ўтди.
- Ассалому алайкум, ойижон, чойга келинг.
Қайнона пичирлаб алик олди, кейин Шоҳиданинг юзига қарамай деди:
- Баҳузур чой ичаверинглар, мен кейинроқ чиқарман!
Келинчак маъюсланди, юраги “шиғ” этди. “Ножўя гапирмадим шекилли...” Унинг дастурхон атрофида бўшашибгина ўтирганини кўрган Акбар дарров вазиятни “юмшатиш”га ўтди:
- Ойим иккимизни ёлғиз қолдиришни истагандирлар-да, чойдан қуйинг!
Орадан бир ҳафта ўтиб қайнонаси тугун-терсагини кўтариб эрталабданоқ қаёққадир отланиб қолди.
- Ҳа, ясаниб олибсиз? – деди Акбар ҳайрон бўлиб.
- Мавлуданикига бориб келай...
Шу кўйи ўн кунлардан сўнг уйга қайтди. Бунга қадар Шоҳида Акбарни уч-тўрт бор сўради:
- Ойим нега келмаяптилар? Биздан хафа эмасмилар, ишқилиб?
- Ҳечам-да! Уйда келин бор деб опамникида бемалол юргандирлар.
Ўшандан кейин ҳам қайнонанинг “чиройи очилмади”. У келини билан деярли гаплашмас, Шоҳида эса бунинг сабабини билолмай ҳайрон эди. Бир қанча ой шу тахлит ўтди. Шоҳида ҳомиладор эканини билгач, энди бунақа нохуш ҳолатларга ҳеч эътибор бермасликка қарор қилди. Ахир туғилажак боласининг соғлиғини ўйлаши керак-ку. “Қай кун келиб бу ҳовлида гўдак йиғиси эшитилади. Ўшанда қайнонам яхши томонга ўзгарадилар” дея ич-ичидан умид қиларди у.
Юкли аёлнинг руҳиятида кўпгина ўзгаришлар юз беради. У кун сайин яхши сўзга, меҳрга интиқ бўлаётганини сезади. Кўнгли анча нозиклашиб қолади. Шоҳида ҳам шундай аҳволда эди. Қайнонасининг қовоқ солиб юришига кўниккан бўлса-да, барибир буни ҳазм қилолмасди. Гоҳида хўрлиги келиб чекка-чеккада йиғлаб оларди. Укаси Муроджоннинг туғилган кунига тўпланишганида сингиллари “келинчаклар тўлишарди, сиз қайтанга озиб кетдингиз” дейишганида ҳам у хўрсиниб қўйди. Онаси эса “Нега ундай дейсанлар? Бу бояқишни ўқиши қийнаб қўйяпти”, деди. Шу куни Шоҳида ота уйида тунаб қолди. Алламаҳалгача ухлолмай ётди. Сўнг онаизорига кўнглини очди.
- Майли, инжиқлигини кўтар, қаттиқ гапирма болам. Кекса аёлни ранжитсанг, кейин ўзингга қийин бўлади, - деди онаси.
Шоҳида бошқа ҳеч кимга бу ҳақда гапирмади...
Бугун қайнонасининг қўшни аёлга айтган гапидан сўнг у ҳаммасини тушунди. Демак, қайнонаси буларнинг тўйларига қарши чиққан! Ўғли оёқ тираб туриб олгандан сўнг ноилож рози бўлган. Худди барисига Шоҳида айбдордек, қайнонаси уни кечиролмайди. У энди нима қилсин? Ахир ҳадемай она бўлади...
Ўша кунлар ҳам етиб келди. Шоҳида йўргакланган чақалоқни бағрига босиб эшик ҳатлаганида ҳовли байрам тусини олганди. Акбарнинг уччала опаси ҳам бутун оилалари билан шу ерда жамулжам эди. Гуллар, табриклар, тилаклар! Шоҳида қувончдан ҳеч қаерга сиғмасди шу топда. Энди унинг ўғли бор! Оиласининг давомчиси, шу ҳовлининг эркатойи.
Бироқ, шодлиги кўпга чўзилмади.
Ўша куни ёмғирдан сўнг ҳаво чарақлаб очилган, Акбар ишдан эртароқ қайтгани учун чақалоқни қўлида кўтариб, ҳовлини айланиб юрарди. Шу пайт дарвозадан кирган онасини кўрибой Акбар унга пешвоз чиқди.
- Сизни соғиниб кетдик-ку, бувижониси. Қани-қани, бувимизга салом берайлик, - йўл-йўлакай гўдак билан “гаплашиб” келарди у.
- Бизнинг давримизда ўғиллар ота-онаси олдида чақалоқни қўлга олишга ийманарди, эндиги ёшларда уят йўқ! – Башорат ая ўзи билан ўзи сўзлашганча ичкари уйга кириб кетди.
Бу пайтда Шоҳида ошхона столида хамир ёяётганди. Қайнонасининг гапи унга оғир ботди. Лекин индамади. Балки бу аёл унчалик болажон эмасдир? Ҳали ўғли чопқиллаб юриб кетса, сўнг чучук тиллари билан “бувижон, бувижон” деса, ҳаммаси изга тушиб кетади. Хаёлидан кечганлари ўзигаям ёқиб тушди. Кўнгли ёришиб, енгил тортди.
Азизжон икки ойликдан ошган кунлар эди. Тонггача чинқириб йиғлаб чиқди. Эру хотин навбатма-навбат кўтариб овутишса-да, гўдак ҳеч тинчий қолмас, йиғиси баттар авжга чиқарди. Акбар ташвишга тушиб онасини бошлаб чиқди.
- Баданига “гул” тошибди, эрталаб Саври қушночни чақириб чиқаман, ирим-сиримини қилади, - деди Башорат ая чақалоқни қайта йўргакларкан.
Қайнонаси Саври кампирникига кетганича ҳадеганда қайтавермади. Шоҳида уйига дўхтир чақиртирди. “Болангизнинг ҳарорати баланд, - деди дўхтир, сўнг аллақандай суюқ дорини Шоҳидага узатди. – Пахтага ботириб баданига оз-оздан суринг, тошмалар бор жойга қўл теккизманг хўпми?”.
Дўхтир кетгач, чақалоқ ухлади. Шоҳида уни ичкари уйга ётқизиб чиқди. Худди шу пайт қайнонаси Саври қушноч билан бошлашиб кириб келди.
- Қани келин, чақалоқни бу ёққа олиб чиқингчи, - деди Саври кампир кўрпачага жойлашиб ўтириб олгач.
- Ҳалиги... дўхтир чақирувдим, келиб кўрди. Болани безовта қилманглар, деди. Ҳозир ичкарида, ухлатувдим.
Қайнонаси унга еб қўйгудек бўлиб тикилди.
- Мен сизга дўхтир чақиринг, демагандим-ку?!
- Ахир бола йиғлайвергач...
- Мен Савриникига кетганимни билардингиз, кутсангиз бўлмасмиди? – ўқрайди қайнонаси, сўнг сенсирай кетди:
- Ё шу икки кампирнинг устидан бир кулай дедингми-а? Қани айт!?
- Йўғ-е, ойижон, мен...
- Ойижон дема!
Шоҳида устидан бир челак совуқ сув қуйилгандек сесканиб кетди. Қайнонаси шу топда гапи ерда қолганиданми ё келинининг ўзбошимчалиги учун Саври кампирнинг олдида изза бўлаётгани учунми ёинки бошқа бир сабаб туфайлими, хуллас тинмай жаврар, қушночнинг “қўйинг, эгачи, ҳали ёш-да” дейишига қарамай хунук сўзларни тилга оларди.
- Тарбия кўрмаган бу! Ўғлимнинг ақли бўлса, менинг гапимга кирмасмиди? Энди манави шўришга учраб...
- Бўлди, бас! – Шоҳида қичқириб юборди. – Майли, мен кетаман! Ўғлингизни уйлантира қолинг ўшанга! Қачонгача чидайман, ахир!
- Йўқол кўзимдан, беодоб!
- Ҳай эгачи, сиз оғирроқ бўлинг, - Саври кампир астойдил ялинишга ўтди. – Бу ғўр бола экан, сиз кўпни кўргансиз-а, айланай. Қўлида гўдаги бор, ҳайдаманг. Набирангизнинг камолини кўрасиз, сиз билан бизнинг тобуткашимиз шулар-ку!
- Э, бу бола катта бўлгунча мен гўримда неча марта кўкариб чиқаман! Шуларга куним қолмасин!
- Ҳай, ҳай, яхши ният қилинг, эгачи. Келинжон, тавба қилдим десангизчи, сиз ҳам, - қушноч аёл ҳар икки томонни инсофга келтирмоқчи бўларди.
Шоҳида эса индамас, ранги бўздай оқарган, энди манави аёл билан бу ҳовлида ортиқ бирга яшолмаслигини сезиб турарди. Сўнг у бир қарорга келгандек ўрнидан турди. Чақалоқни йўргак устидан қалин кўрпачага ўради. Қўлига илинган кийим-кечакларни сумкага жойлади. Ўзи ҳам кийинди, болани кўтариб ҳовлига чиқди. Қайнонаси қушночни кузатиб кўчага чиққанми, кўринмасди. У бирпас каловланиб турди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демай кетса... Ахир энди ёш бола эмаску у, кап-катта аёл. Нима бўлсаям қайнонасини кутгани маъқул.
Дарвоза ғижирлади, қайнонаси кирди. Кетмоққа чоғланиб турган келинига кўзи тушса ҳам миқ этмади. “Бетинг қурсин” дегандек юзини ўгирди.
- Ойи... мен кетаётувдим, берган тузингизга рози бўлинг.
- Ихтиёринг ўзингда-ку, сен бировнинг маслаҳатига кирармидинг.
Шоҳида бу ердан тезроқ кетиш кераклигини тушунди. Шунда ҳаммага яхши бўлади. Акбар акаси ҳам онасининг маломатларидан қутулади. Лекин, Шоҳида... Энди у қаёққа боради? Қўлида боласи билан ота уйига сиғармикин? Ҳархолда бундан кейинги ҳаёти бир оз оғир бўлади. Балки жудаям оғир бўлар...
Дастлаб Шоҳидани ўртага олиб, насиҳат қилгувчилар кўп бўлди. Уйидагиларку, кўз очиргани қўйишмасди “Акбар ёлғиз ўғил, бахтсиз бўлса сен таънаю маломатга қоласан”, дейишди.
- Агар мени деса алоҳида яшашимизга рози бўлсин, - Шоҳида ҳам бўш келмади.
- Онасининг битта ўзини қолдириб-а?
- Бўлмаса, мен нима қилай? Қайнонам барибир кун бермайди!
- Яхшилаб ўйлаб кўр.
- Ўйлаб кўрдим. Ўша уйга қайтиб бормайман!
Ахийри, ажрашишди. Акбар амал-тақал қилиб, Шоҳидага бир хонали уй олиб берди. Орадан икки йил ўтиб... ўзи уйланди. Шундан сўнг Шоҳидага оғиз солгувчилар қўпайди. Бирортасига изн бермади. У ўзича Акбарни ҳануз кечиролмас, бошқа эркаклар ҳам собиқ эри сингари “номард” бўлиб кўринарди. “Онасининг гапини икки қилиб менга уйланганди, хўш охиригача ваъдасида турдими? Йўқ, барибир онасига қайишди. Мендан, ўғлидан воз кечди!”. Умана шунисига асло чидолмасди.
Бир куни Азизжон “Менинг дадам қаерда?” деб сўраганида “даданг ўлган” деди. Аммо йиллар ўтиб, бола “ҳақиқат”ни билиб олди. У деярли ҳар куни кўчадан янги гап топиб келарди.
- Дадамни кўрдим, мен билан анча вақт суҳбатлашиб ўтирдилар.
- Аммаларим бор экан-а? Дадам “улар билан борди-келди қилгин” деяптилар...
- Эшитдим, ажрашиб кетишингларга бувим сабаб бўлганмиш. Улар мени ҳам ёмон кўрадиларми? Уйларига борсаммикин...
Шоҳида ўғлининг гапларига нима жавоб қилишни билмай, боши қотар, сўнг “ўзинг биласан болам, кўнглинг чопса борақол” дерди. Шундай кунларнинг бирида Азиз кўчадан хафароқ бўлиб қайтди.
- Ойи, бувимни кўрдим.
- А? Яхши эканларми? – Шоҳиданинг кўнгли алланечук бўлиб кетди.
- Ғалати гап қилдилар. “Онанг мен ҳақимда сенга нималар деган? Ҳар куни гўримга ғишт қаласа керак-а?” дейдими-ей...
Шоҳида секингина “уҳ” тортди. “Қайнонамнинг ичидаги муз ҳалиям эримаган экан-да? Тавба, мен у кишига нима ёмонлик қилувдим, ўзи?”. Боядан бери тикилиб турган ўғлига ҳеч нарса демади. Нимаям дерди, ўғлининг томирларида ўшаларнинг қони оқяпти!
Вақт оқар дарё экан ...
Азиз институтга кириш учун имтиҳонлардан ўтди. “Тест натижаларини билиб келаман” деб барвақт чиқиб кетди. Кечқурун эса ғалати бир кайфиятда кириб келди.
- Нима бўлди, сенга, рангинг ўчиб кетибди?
- Ойи, бугун икки воқеа бўлди, бири ёмон, бири яхши. Қай биттасини айтай? – деди у ҳорғинлик аралаш бўғиқ товушда.
- Мени қўрқитма!
- Биринчидан, ўқишга қабул қилиндим, бу яхши. Иккинчидан... йўлда кетаётсам, тобут обкетишаётган экан, анча жойгача кўтаришиб бордим. Бир пайт кексароқ киши қўлимдан ушлаб олдинги қатордагилар ёнига олиб борди. Қарасам, дадам! Бошларида дўппи, чопонга ўралган. Билсам, бувим қазо қилган эканлар, ойи. Бувимнинг тобутини кўтарган эканман...
- Вой, худойим!
Шоҳида бир нуқтага тикилганча туриб қолган, шу топда эшитган хабаридан изтиробга тушаяптими ё марҳумага ачиняптими, айтиб беролмас, фақат ўшанда... келинлик уйидан чиқиб кетаётган кунида қайнонаси айтган гап қулоқлари остида қайта-қайта жаранглаётганди.
“Э, йўргакдаги шу бола улғайгунича мен...”
Айни вақтда рўпарасида ўғли хомуш ўтирар, гўё бугун институтга қабул қилинганини ҳам унутгандек, Шоҳиданинг назарида у бувисининг ўлимидан қаттиқ куюнаётганди.
Гулчеҳра ЖАМИЛОВА.
***
Муаллиф ҳақида: Гулчеҳра Жамилова 1958 йилда Жомбой туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. 1986 йилгача “Ўзбекистон овози” газетасида, 2000 йилгача “Саодат” журналида ишлаган.
Гулчеҳра Жамилова матбуот соҳасидаги хизматлари учун “Шуҳрат” медали (1997 йил) билан, 2000 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланган.
24 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Сиҳат-саломатлик” журналида ишлаб келмоқда. “Умр ҳикматлари”,“Қоядаги атиргул”, ”Мовий барқут сири”, ”Ёруғ кун”, ”Мен борман ҳаёт”,”Хизрни кўрган одамлар” китоблари нашрдан чиққан.