Ҳеч ким бўйсундира олмаган Канкар-Пунсум

Тоғ чўққиларини забт этишга интилаётган кишиларнинг ҳаётдан ягона мақсади ҳамма ҳам бора олмайдиган чўққиларга чиқиш, эркинлик ҳисси ва табиат билан уйғунликка эриша олишдир.

Инсоният забт этмаган энг катта тоғ чўққиси Канкар-Пунсумнинг баландлиги денгиз сатҳидан тахминан 7570 метр, бу чўққи бутун дунёдаги баландликлар бўйича қирқинчи жойда туради. Тоғларнинг аксарияти альпинистлар ва экспедициялар томонидан бир неча бор забт этилган бизнинг даврда у негадир ҳали ҳам ўрганилмаганлигича қолмоқда. Қизиқ, нега табиатнинг ажойиб маҳсули ўзига ҳеч кимни яқинлаштиришга имкон бермайди?

Канкар-Пунсумнинг кашф этилиш тарихи 1922 йилга бориб тақалади: ўша пайтда чўққининг биринчи тавсифи пайдо бўлган. Тоғлардаги биринчи экспедициялар 1950 йилларга тўғри келади. Бироқ, бу экспедициялар натижаси ўлароқ кўплаб очилмаган сирлар  ва жавобсиз саволлар қолмоқда.

Биринчи иккита экспедиция маълум координатларда тоғ йўқлиги сабабли муваффақиятсизликка учради. Тасаввур қиласизми, харитада бор тоғ, амалда йўқ?! Ҳатто бугунги кунга қадар ҳам тоғли ҳудуднинг координатлари ноустувор бўлиб қолиб, тоғ ҳатто ҳудуд ландшафтидан бутунлай йўқ бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида афсоналар мавжуд. Шунинг учун у узоқ вақт давомида альпинистлар томонидан топилмаган. Замонавий Хитой ва Бутан давлатлари эса Канкар-Пунсум тоғи қайси давлатга тегишли эканлиги ҳақида доимий равишда баҳслашиб келади.

1983 йилда Бутан ҳукумати ниҳоят тоғ чўққисига чиқмоқчи бўлганлар учун яшил чироқ ёқди. Канкар-Пунсумни забт этиш мақсадида бутун дунёдан альпинистлар келди, лекин экспедицияларнинг бирортаси муваффақиятли якунланмади. Гўзал чўққи, аниқроғи, қояли аномал зона гўё сирли парда билан қопланиб қўйилгандек эди. Баъзилар касал бўлиб қайтишга мажбур бўлди, бошқаларга эса чўққига чиқиш ҳудуд иқлимининг ёмғирли шароити тўсқинлик қилди. Баъзи экспедициялар ҳатто ўлим билан якунлангани ҳақида гаплар ҳам йўқ эмас.

Бутаннинг маҳаллий аҳолиси Канкар-Пунсум муқаддас тоғ чўққилари худолар жойи эканлигига ишониб, уларни безовта қилиш қатъиян ман этилиши кераклиги ҳақида гапиради. Шу муносабат билан ҳукумат бугунги кунда тоққа чиқишни тақиқлаб қўйган.

Канкар-Пунсум тоғи уфологлар эътиборини тортадиган объект ҳамдир. Ушбу соҳадаги мутахассислар тоғ НУЖлар учун бошпана сифатида хизмат қилиши ва кўпинча у ерда липиллаб турган “олов рақси”ни кузатиш мумкинлигини таъкидлашади.

Сир пардаси билан қопланган чўққини забт этиш ҳал қилинмаган муаммо бўлиб қолиб, Канкар-Пунсум яқинида кузатиладиган аномалиялар қизиқувчан онгни ҳаяжонлантиришда давом этиб келмоқда.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.