Комадан уйғонган йигит ўз она тилини унутди
Бу воқеа 2014 йилда Австралияда содир бўлган. 22 ёшли Бен Макмахоннинг машинаси қизил чироққа ўтиб кетган юк машинасига бориб урилди. Шифокорлар унинг мияси чайқалгани ва ўнга яқин суяклари синганини айтишди. Касалхонада у бир ҳафта комага тушиб қолди, шундан сўнг яна бир ҳафта ҳушсиз ётди.
Ҳушига келгач, Бен бирдан худди ўз она тили - инглиз тилида гапиргандек хитойча гапириб кетди.
Австралиялик ёш фуқаро мактабда хитой тили курсларида қатнаган, лекин ҳали бу курсларни тамомламаган эди. Бен уйғонганида, у ҳамширага хитой тилида мурожаат қилиб, ундан қоғоз ва қалам сўради. Унда йигит ота-онасига уларни яхши кўришини ва албатта, оёққа туришини айтиб, таъсирли сўзларни ёзди.
Атрофидагилар Беннинг бир сўзини ҳам тушунолмас эди. Бундан ташқари, Бен фақат шу тилни тушунарди ва инглиз тилида эмас, балки хитой тилида фикр юритарди. Вақт ўтиб, йигитнинг ўзи тўсатдан бошқа тилга ўтганини ўзи ҳам билмай қолганини айтди, чунки унинг сўзларига кўра, бу ўз-ўзидан содир бўлган. Бундан ташқари, у инглиз тилини умуман билмас эди. Кейинчалик оиласи ва дўстларини тушуниш учун у она тилини қайта ўрганишга мажбур бўлди.
Бизга Бен комадан чиққанини айтишди, лекин у хитойча гапириб кетганида, биз жиддий хавотирга тушдик, - эслайди йигитнинг отаси Марк.
Ажабланарлиси шундаки, бу воқеа австралиялик ёш йигит учун янги эшикларни очиб берди. Кейинчалик, Бен хитой тилида гид сифатида ишлай бошлади ва ҳатто ўз кўрсатувини олиб борди. Бундан ташқари, бугунги кунда йигит Хитойнинг Шанхай шаҳрида яшайди.
Олимларнинг фикрича, миясининг нутқ учун жавоб берадиган қисми шикастлангани сабабли йигит бошқа тилга ўтган. Неврологларнинг таъкидлашича, унинг бошқа тилни тўлақонли билиш қобилияти тўсатдан пайдо бўлган, чунки хитой тилини ўрганишда миянинг чап томони эмас, балки ўнг ярим шари қамраб олиниб, иштирок этган. Бахтсиз ҳодиса пайтида Бен миясининг чап ярим шари шикастланган ва мия хитой тили маълумотлари кўпроқ сақланган ўнг томонга ўтиб олишга қарор қилган.
Бу ҳодиса ксеноглоссия деб аталади. У одам онги ўзгарган вақт, яъни комада бўлган пайтда намоён бўлади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.