Мўмиё. Марказий Осиё тоғларидаги бу ноёб доривор аслида нима? У қандай топилади?
Афсоналарга кўра, осмонўпар қорли тоғларда улкан тош одамлар яшар экан. Улар йиғлаганда, тоғ бағрига юмалаган кўз ёшлари қотиб, дунёдаги барча касалликларга даво шифобахш бальзамга айланар экан. Улкан одамларнинг кўз ёшларини кўриш ҳаммага ҳам насиб қилмас, аммо уни топиб олган киши дунёдаги энг соғлом ва кучли инсонга айланар экан.
Бу афсона турли халқларда браг-шун, тоғ кўз ёшлари, тоғ муми, тош ёғи, мўмиёи асил, чао-тун деб аталадиган табиий доривор – мўмиё ҳақида. Мўмиё қадим тиббиётда доривор сифатида бундан 100 минг йил аввал маълум бўлган. Мўъжизакор восита ҳақида Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Фаластин, Кичик Осиё ва Юнонистон халқлари қўлёзмалари ва тиббий трактатларида ёзувлар учрайди. Ўрта Осиё, Эрон, Тибет ва Хитой халқ табобатида доривор мақсадларда қадимдан қўлланиб келинган.
Милоддан аввал яшаб ўтган Арасту мўъжизавий мўмиёнинг шифобахш хусусиятларини батафсил тасвирлаган ва уни туғма карликда, бурундан қон кетишида даво сифатида тавсия қилган. Абу Бакр Робий ал-Бухорон бу ажойиб малҳамни мукаммал даволовчи восита деб атаган. У мўмиёни асал билан биргаликда қўллаш тиббиётда мўъжиза яратади деган. Муҳаммад Закариё ал-Розий тоғ қатрони фалажни ва бош айланишини даволашини ёзади. Абу Райҳон Беруний суяк синишида мўмиёдан яхшиси йўқ дея таъкидлаб ўтган. Буюк фотиҳ Искандар Зулқарнайннинг «тоғ кўз ёшлари» билан даволангани ҳақидаги гаплар асрлардан-асрларгача етиб келган. Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» китобида мўмиёни меъдани мустаҳкамлайдиган, нафас олишни енгиллаштирадиган мукаммал дори деб тавсифлаган.
Форс шоҳи Фаридун даврида табиблар мўмиёнинг ҳақиқийлигини биологик йўл билан аниқлашган. Бунинг учун майда жониворларнинг синган жароҳатларига мўмиё ва атиргул ёғи аралашмасидан суртиб қўйишар, агар мўмиё сифатли бўлса синиқ жойлар бир кеча кундузда битиб кетар экан. Арасту ҳам мўмиёдан аввал унинг сифатини аниқлаб сўнг фойдаланишни тавсия этган. Янги сўйилган қўйнинг жигарини бўлаклаб, сўнг бўлакларга мўмиёдан суртиб бирлаштиришган, агар мўмиё асл бўлса, жигар бўлаклари бир-бирига ёпишиб қолар экан.
Бугунги кунда олимлар мўмиё таркибида инсон организми учун муҳим бўлган 80 дан ортиқ моддалар, 30 га яқин кимёвий элементлар, аминокислоталар, металл оксидлари, ферментлар, гормонлар ва бошқа моддалар борлигини аниқлашди. Мўмиёнинг формуласини чиқариш жуда мушкул. Мўмиё – сувда эрийдиган органик ва ноорганик моддаларнинг ғаройиб ва сирли аралашмаси. Бошқа исталган доривор таркибида бир нечта элементлар мавжуд бўлса, мўмиёда Менделеев жадвалининг ярми мужассам.
Мўмиё қоялар ёриқларидан сизиб чиқадиган қатронсимон модда, мураккаб биологик табиий маҳсулот. Мўмиё хамирдай мулойим, таъми аччиқ ва баъзан тоза қора шоколад таъмини эслатади. У тилла ранг, кумуш ранг, мис ранг ва қорамтир-қўнғир тусда бўлади. Ўрта Осиёда қорамтир-қўнғир мўмиё кенг тарқалган.
Манбаларга қараганда, мўмиё денгиз сатҳидан 3500-5000 метр баландликдаги юқори тоғ қояларида учрайди. Бу табиий малҳам асосан жанубий тоғ тизмаларида, ёғингарчилик йилига 400-600 миллиметрни ташкил этадиган, қуёш радиацияси юқори, кучли шамоллар эсиб турадиган, ҳаво ҳарорати кескин тебранувчи жойларда ҳосил бўлади. Мўмиё ўзи учун ғорлар, қоя ёриқлари, бўшлиқларни маскан қилиб танлаган.
Мўмиёнинг келиб чиқиши ҳақида жуда кўп фикрлар мавжуд. Фанда ўрганилгунга қадар мўмиёнинг тоғларда ҳосил бўлиши ва ноорганик таркиби туфайли у олтин, кумуш, мис, темир каби элементлар қаторида туради деб тахмин қилинган. 20 чи асрнинг иккинчи ярмида мўмиё ғорларда яшайдиган кўршапалаклар ва бошқа майда кемирувчиларнинг ҳаёт фаолияти чиқиндилари, яъни ахлатларидан ҳосил бўлган деган фикрлар юзага чиқди. Тоғ мумининг бой таркибини жонзотларнинг доривор гиёҳларни истеъмол қилиши билан боғлашган. Замонавий тушунчалар бўйича эса мўмиё ўсимликлардан ҳосил бўлади, яъни доривор ўсимликлар қолдиқлари чириб қотиши натижасида мўмиёга айланади деб ҳисоблашади. Кўпчилик олимлар ҳайвон чиқиндилари қолдиқлари, ўсимлик чириндилари ва асалари заҳри фрагментлари қўшилиб, бу биомассанинг тоғ иқлимида табиий равишда қайта ишланиши натижасида мўмиё ҳосил бўлади деган фикрда. Ўзбек ва қирғиз олимлари кўп йиллик тадқиқотлардан сўнг бу тоғ бальзами баланд тоғ тизмаларида яшовчи кумушранг митти дала сичқонларининг ахлатларидан ҳосил бўлади деган фикрга келишган. Дала сичқонлари турли тоғ ўтлари билан озиқланади ва организмда тўлиқ ҳазм бўлмаган элементлар ахлат билан чиқади, тоғ шароитида бу ажралмалар тоғ жинслари билан бойийди, қимматли мўмиёга айланади.
5 асрга оид «Жудши» китобида шундай ёзилади: «Ўз бағрида қимматбаҳо хом ашёларни яширган баланд қояларда шу моддалар билан озиқланадиган ғаройиб митти сичқонлар яшайди ва уларнинг ҳазм ажралмалари Браг-Шунга айланади». Қадим китобларда Браг-Шун деб аталган мўмиё таркиби шу тариқа олтин, кумуш, мис, темир ёки қалай зарраларини сақлайди. Масалан, олтин мўл жойлардан топилган мўмиёнинг ранги қизғиш-сариқ бўлиб, ширин-нордон таъмга эга.
1955 йилда ўзбек олими, тиббиёт фанлари доктори, тажрибали жарроҳ Одил Шокиров этнографик тадқиқотлар ва қадимий тиббий қўлёзмалар асосида мўмиёи асилнинг фармакологик хусусиятларини ўрганишга киришади. 1976 йилда мўмиё суяк синишларини комплекс даволашда фойдали доривор деб топилади. Доктор Шокиров лат еган, синган суякларни даволашда мўмиёдан фойдаланиш сир-асрорларини илмий жиҳатдан асослаб берди.
Мўмиё йиғиб олинадиган жойлар бутун дунё бўйича бир нечта – у Кавказ, Ўрта Осиё, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Непаль, Эрон, Бирма тоғларидан топилган. Бугунги кунда энг яхши сифатли мўмиё Олтой мўмиёси ҳисобланади. Ҳудуд жуғрофияси кенг бўлса-да, мўмиё бор жойларни аниқлаш анча мушкул ва бу қимматли дориворнинг захираси унчалик катта эмас. Маълумотларга кўра, Олтой тоғларидаги мўмиё ресурслари 250 тоннани ташкил қилар экан.
Унда инсон организми учун фойдали бўлган элементларнинг энг кўп миқдори жамланган. Олтой тоғларида топилган мўмиё бўлаклари ўрганилганда уларнинг ёши 130 йилдан 900 йилгача эканлиги маълум бўлган. Чиқиш мушкул баланд қояли тоғларда учрагани ва хом ашёни йиғиб олиш машаққати, таркибининг қимматли элементларга бойлиги туфайли асл мўмиёнинг нархи ҳам юқори. Мўмиёни йиғиш билан шуғулланадиган маҳаллий аҳолининг ўзи ҳам унинг организмни чиниқтирувчи, қийин шароитларга мослашишда ёрдам берувчи хусусиятидан фойдаланишади.
Мўмиёнинг қора рангдаги, сирти ялтироқ, енгил нефть ҳидлиси энг яхшиси деб ҳисобланади. Бу доривор сувда яхши эрийди, шунинг учун уни олдиндан сувда, сутда, шарбат ёки чой билан ичга қабул қилиш, томчилар, крем, мазлар кўринишида сиртга қўллаш мумкин. Мўмиё юқори биостимулятор хусусиятга ҳам эга. Унинг таъсирида организмда алмашинув жараёнлари фаоллашади, эритроцитлар сони ортиб, қондаги гемоглобин миқдори кўпаяди.
Тоғ доривори микробларга қарши таъсирга эга, организмнинг ҳимоя кучларини оширади, юқумли касалликлар, шамоллаш билан боғлиқ хасталиклар – ангина, суяк сили, замбуруғли касалликлар, экземаларнинг айрим турларини даволашда қўлланилади. Мўмиё аралашмасида стафилококкларнинг нобуд бўлиши тажрибаларда исботланган. Буюрилган дозада тўғри қабул қилинганда мўмиё организмни мустаҳкамловчи, тетиклаштирувчи ва даволовчи безарар восита деб ҳисобланади.
Зилола Омонова тайёрлади.