Тубсизлик устида: Сайёрадаги энг экстремал томоша майдончалари
Қўрқув ва завқ каби бу икки туйғуни одамлар юзлаб метр баландликда тубсизлик устида турганда бошдан кечиради. Тараққиёт ва технология туфайли бу жойларнинг барчаси хавфсиз, бироқ барибир, пастдаги чексизликка қараб, юрак кўкракдан чиқиб кетишга тайёр ва тиззаларда титроқ пайдо бўлади.
"Эгри-бугри аждаҳо" сўқмоғи, Хитой
Даҳшатли ва баланд кузатув платформалари сони бўйича рекордчи Хитойда одамларни ҳайратда қолдиришни яхши кўришади. Шундай қилиб, 2011 йилда Тяньмэнь тоғининг тик ёнбағрида худди аждаҳонинг думидек деворларини ўраб олган шиша кўприк қурилди.
Сўқмоқнинг бутун узунлиги бўйлаб бир ярим метр баландликдаги кучли тўсиқлар ўрнатилган бўлса-да, камдан-кам сайёҳлар 1430 метр тубсизлик устидаги шиша бўйлаб юришга журъат этади. Лекин барибир одамлар тош деворни пайпаслаб, ғоз қадамлар билан, кўзларини пастга қаратмасдан, “аждаҳо думи” бўйлаб юриб бормоқда.
“Скай-Тауэр минораси”, Янги Зеландия
Экстремаллик бўйича Янги зеландияликлар ўзининг Окленд шаҳридаги телеминораси билан хитойликлардан ўзиб кетишди. Бу платформанинг баландлиги атиги 193 метр бўлса-да, ҳамма ҳам унга қадам қўйишга журъат эта олмайди.
Гап шундаки, унинг панжараси йўқ, кенглиги эсаатиги 1,2 метрни ташкил қилади. Расмийлар хавфсизликка жуда қаттиқ риоя қилган ҳолда телеминора атрофида сайр қилишни истаган ҳар бир кишига суғурта билан бирга махсус комбинезон беради. Скай-Тауэрда бир вақтнинг ўзида олти кишидан ортиқ одам бўлиши мумкин эмас, кучли шамол эсган ёки ёмғир ёққан кунларда бу ерга кириш бутунлай ёпилади.
“Тролль тили”, Норвегия
Барча жойларда томоша майдончаларини қулай ва хавфсиз қилишга ҳаракат қилинади, Норвегияда эса ҳамма нарса умуман бошқача. Машҳур "Тролльтили” ёдгорлигида ҳеч қандай тўсиқ ва суғурта йўқ. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу тош бўлаги кутилмаганда қулаб тушиши ва ундаги ҳар қандай қурилиш ишлари бу жараённи тезлаштириши мумкин.
“Скьеггедаль” тоғида жойлашган бу қояда бўлиш учун 12 километр пиёда йўлни босиб ўтиш керак бўлса-да, диққатга сазовор жойга келадиган сайёҳларнинг чеки йўқ.
"Бўшлиққа қадам", Франция
Франция тик қоялари камарларида сайёҳлар оёғи остида қорли Алп чўққиларининг сокин осойишталиги ҳукмронлик қилади. 1035 метр баландликда жиҳозланган кичкина хона уч қатламли юқори қувватли шишадан ясалган. Уни қириб ташламаслик учун “куб”га кирувчи барча ташриф буюрувчиларга махсус юмшоқ пойабзал берилади. “Бўшлиққа қадам” жойлашган бино бутунлай ёпиқ, унга маълум жойларда ўрнатилган канат йўли олиб боради.
***
Бутун дунё бўйлаб баландликларда нафақат сайёҳларни хурсанд қиладиган кузатиш майдончаларни, шунингдек, тиниқ қоялардан ўсиб чиққан уйлар, чексиз тубсизликда осилган бутун шаҳарларни кўриш мумкин.
Қулай ва ўлчовли ҳаётга ўрганиб қолган инсониятга янги саргузаштлар, ҳис-туйғулар ва адреналин етишмаяпти чоғи. Бўлмаса, сайёҳларнинг бу экстремал томоша майдончаларига бориш учун узоқ мамлакатларга саёҳат қилиш истагини яна қандай тушунтириш мумкин?
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.