1 июлдан бошлаб пенсиялар миқдори қанча бўлиши маълум қилинди

Кеча, 9 июнь куни Пенсия жамғармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони юзасидан маълумот берилди.

Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

1) Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилмоқда;

Яъни, бугунги кунда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдори 513 350 сўм ва ундан кам пенсия олувчиларнинг барчасига пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида (262 470 сўм ×20%=52 494 сўм) пенсиясига қўшиб тўлаб берилади.

Шунингдек, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори юқоридаги қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 400 000 сўмга етказилади;

Амалда тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизи (256 675 сўм)дан кам бўлмаган миқдорда тайинланади.

2) Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсия миқдори 565 000 сўмга етказилади;

Бунда, пенсия тайинлаш учун талаб этилган иш стажига (аёллар 20 йил, эркаклар 25 йил) эга бўлган ҳамда бугунги кунда 513 350 сўмдан 564 999 сўмгача пенсия олувчи шахсларнинг пенсиялари 565 000 сўмга етказилади.

Яъни, ҳозирги кундаги пенсия миқдоридан келиб чиқиб мутаносиб равишда пенсия суммалари 1 сўмдан 50 минг сўмгача оширилади. Натижада 442 минг нафар шахснинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади ва ушбу мақсадлар учун жорий йилда қўшимча 64 миллиард сўм ажратилади.

3) Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга оширилади.

Бунда, I гуруҳ бўйича ногиронлик нафақалари 430,6 минг сўмдан 465,6 минг сўмга оширилади.

Маълумот учун, I гуруҳ бўйича ногиронлик нафақаларини олувчиларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 июлдаги ПФ-5765-сон Фармонига асосан ҳар ойда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 25 фоизи (65 618 сўм) миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинган.

Мазкур амалиёт жорий этилиши натижасида 85 минг нафар шахснинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинади ва жорий йилда қўшимча харажат 18 миллиард сўмни ташкил этади.

4) Боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олувчи оилаларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади ҳамда кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга асосан тўланади.

Яъни, амалда боқувчисини йўқотганлик пенсияси меҳнатга қобилиятсиз ҳар бир оила аъзоси учун белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг 50 фоизи (256 675 сўм)дан кам бўлмаган миқдорда, тайинланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, пенсия олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи (52 494 сўм) миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади.

5) Боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўм белгиланади.

Амалда нафақа суммаси меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси сонига қараб энг кам ёшга доир пенсия миқдорига нисбатан бир нафар оила аъзоси учун 50 фоиз (256 675 сўм), икки нафар оила аъзоси учун 75 фоиз (385 012 сўм), уч ва ундан ортиқ оила аъзоси учун 100 фоиз (513 350 сўм) миқдорида белгиланади ҳамда ҳар бир оила аъзоси учун 50 минг сўмдан ун ва қолипли нон учун компенсация тўланади. Бунда, оиладаги учдан ортиқ фарзанди учун нафақа миқдори уч нафар оила аъзоси учун белгиланган миқдор билан бир хил.

6) Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмгача оширилади.