#1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни
“Муаллим ҳақида сўзим ушбудир...”: шоирлар қаламида муаллимлар эътирофи.
Нодир ЖОНУЗОҚ
Устоз
Мундоқ ўйлаб қарасам,
Сизга битмабман ҳеч шеър.
Қалам ҳаққига қасам,
Сизсиз забун эди Ер.
Не бўлғай ҳоли, маълум,
Хатсиз йўли хатодир.
Дунёда илк муаллим,
Шаксиз, Одам Атодир.
Кўкдан имон гавҳари
Заминга тушмиш бот-бот.
Пайғамбарларнинг бари
Эди ҳазрати Устод.
“Ўқи!” дея авомга
Улашмиш инжу сирлар.
Йўллаб буюк довонга,
Шамчироғ тутмиш пирлар.
Борлиқ – зулмат, қоронғу,
Чимматга чўмган чоғда.
Ёниб юлдуз қароғи –
Гўё чўғдай ўчоғда…
Оламга маёқ бўлиб,
Ловуллаб порлагансиз.
Кўз, қўлу оёқ бўлиб,
Нур сари чорлагансиз.
Сиз – Беруний,
Сиз – Сино,
Сиз – Фаробий, Улуғбек.
Оқ қоғоздек пок сиймо,
Сеҳрингизга йўқдир чек.
Янчиб Ҳаққа ёт ишни,
Оламга солмиш сурон –
Пойингизда ётишни
Бахт билмиш Соҳибқирон!
Ҳали-ҳануз бу – ибрат,
Абадий тузук каби.
Бахш этар ғурур, ҳикмат –
Темурбеклар мактаби.
Мен ҳам – бир илми толиб,
Ҳали чала дарсим кўп.
Қандай кетайин тониб,
Олдингизда қарзим кўп.
Гарчи “Қўйгил, бу не гап,
Эгма бошинг ҳеч...” дейсиз.
Хом, ғўр шеърларим тинглаб,
Балли, баҳонг “беш”, дейсиз.
Машқим ўзимга маълум,
Тансиқдир тоза ташбеҳ.
Меҳри дарё муаллим,
Чалғисам, беринг танбеҳ.
Енгингизга юққан оқ –
Бўрмас, кўнглингиз юқи.
Зиммангизда улкан тоғ –
Ёруғ келажак юки.
Мен ҳам сиз-ла ёнма-ён
Шу юкни кўтарсайдим.
Олдда – буюк имтиҳон,
О, ундан ўтолсайдим!
Балки шунда салгина
Бўлгайми юзим ёруғ.
Ўзимдан қилмай гина,
Олсам мақтовли ёрлиғ…
Сиз-чи, кутмайсиз олқиш,
Сизга илинж, тамаъ ёт.
Ўқиб-ёзиб толиқиш –
Сизга кундалик ҳаёт.
Даста-даста дафтарга
Сочасиз кўз нурини,
Синф-синф сафларга
Сарф этиб бор умрни…
Шогирдлар қалбига, оҳ,
Секин сингиб боряпсиз.
Иқболидан шодон, гоҳ
Жим хўрсиниб боряпсиз.
Толманг!
Фидойи Устоз,
Сизга тиргак шу Ватан.
Қанча таъзим қилсак – оз,
Қанча алқасак-да кам.
Гарчи кўнглимда сўз мўл,
Гарчи битмас ҳеч таъриф.
Лекин бошқалар ҳам қўл
Силкияпти кўтариб…
Дунё – кенг сабоқхона,
Дунё – ранг-баранг мактаб.
Қутларкан, шу баҳона
Юртимни қўяй мақтаб.
Тасдиқлайди тўрт томон,
Дарси оламга ёддир:
Донишманд Ўзбекистон –
Маърифатда Устоддир!
***
Хуршид НУРУЛЛАЕВ
Устозларга
Волидага менгзарлар: она ер, она қуёш,
Азалдан мавжуд калом: устоз отадан улуғ.
Аслида мураббий зот ота-онага қиёс,
Фарзанд уққан ҳар ўгит гўё жангчи тутган туғ.
Аёлдан авлиё йўқ, авлиё туққан она,
Энг улуғ аллома ҳам устоздан топган камол.
Пири комилдан шогирд тўғри йўлга равона,
Парвариш билан доим ҳар гул кўрсатар жамол.
Мураббий улуғланган давлат асло бўлмас кам,
Юртда устозлар қадри кўтарилди кўк қадар.
Дунёга билим берган Турон минг йил муқаддам,
Тарихдан ҳақиқатни ҳеч ким қилолмас бадар.
Юрт қудратли бўлгайдир гулласа илму таълим,
Шавкат топган тафаккур ватанни қилгай обод.
Минг раҳбарнинг сарвари бўлса доно муаллим,
Бундай йўлбошчи билан баркамол бўлар авлод.
Парвариш топган ниҳол бергуси яхши ҳосил
Устоз-шогирд удуми шон келтирган халқимга.
Умрни шараф билан ўтмоқ учун муносиб,
Мураббийлар ўгити насиб қилсин ҳар кимга.