Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

1 сентябрдан автотранспорт воситалари билан боғлиқ янги меъёрлар кучга киради

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 июндаги “Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда автотранспорт воситалари ҳайдовчилари учун қўшимча қулайликларни яратди.
Аҳолининг автотранспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, шунингдек, фуқароларимизнинг бу борадаги истаклари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида янги меъёрлар жорий этилди.

Қарор билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари этиб белгиланди.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб эса ишлаб чиқарилганига ўн йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Енгил автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг қуйидаги муддатлари белгиланди: ишлаб чиқарилганига ўн бир йилдан ўн тўрт йилгача бўлган енгил автомототранспорт воситалари — икки йилда бир марта; ишлаб чиқарилганига ўн беш йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспорт воситалари — бир йилда бир марта.

Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспорт воситалари учун татбиқ этилмайди.

Автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан бир қаторда ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий 1 сентябрга қадар эса ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат берилган автотранспорт воситасига бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгарганда, давлат рақами белгиси алмаштирилганда ёки автотранспорт воситаси эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганда автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатини автоматик тарзда сақлаб қолиш тартиби жорий этилган.

ЎзА