10 нафар аёл жазодан муддатидан олдин озод қилинди
Мустақиллик айёми арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган очиқ суд мажлисида жазони ўташ муассасасида жазо ўтаётган 11 нафар аёлнинг назорат тартибида берган шикоят аризаси кўриб чиқилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров раислигида ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг назорат тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил кўриб чиқилди. Маҳкума аёлларнинг жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзини ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.
Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг кафолат хати инобатга олиниб, 10 нафар аёл жазодан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди.
Бир нафар маҳкума аёлнинг жазо муддати қисқартирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Озодлик. Одамзот боласи талпиниб яшайдиган бу улуғ неъматнинг қадри ҳамма замонларда ҳам баланд бўлган. Бу ҳолат айниқса, очиқ суд мажлисида янада яққолроқ намоён бўлди. Ҳар бир маҳкума аёл ўзининг жазодан муддатидан илгари озод бўлгани ҳақидаги хушхабарни кўзда ёш билан қарши олди.
— Қувончимни сўз билан ифодалаб беролмайман, — дейди Гулбаҳор Якубова. — 6 нафар фарзандим бор. Жазони ўташ даври фарзандларим, оилам соғинчи жон-жонимдан ўтди. Қилмишимга минг марта пушаймон бўлдим. Қайта бундай қилмишга қўл урмайман деб ўз-ўзимга сўз бердим. Мен каби тўғри йўлдан адашган аёлларга бағрикенглик кўрсатиб, озодликка чиқиш имконини бергани учун Президентимиздан чексиз миннатдорман. Насиб бўлса, энди умримни фақат эзгу ишларга, фарзандларим тарбиясига бағишлайман. Президентимизнинг ишончу эътиборини ҳалол меҳнатим билан оқлайман.