100 ёшли Марям она ҳақида фильм олинса

Юз ёшга кириш сирлари нимада, деган савол ва унинг жавоби бугунги ўқувчи учун жуда жўн ва гўёки журналистнинг ўз тушунчаларидан келиб чиққан жавобга ўхшаб туюлади. Аммо яқинда шу қутлуғ ёшни қарши олган Марям Дўстметованинг сўзларини тинглар экансиз, нафақат бу ёш сирлари, балки яшашнинг моҳияти нимада эканлигини ҳам англайсиз. Энг қизиғи, онахон бу ҳақда ўзи аниқ-тиниқ гапириб беради. Йиллар, саналар, фамилиялар - онахон ҳаёти давомидаги бу каби маълумотларни адашмай айтади.
- 1941 йил биз, бир гуруҳ талабалар Самарқанддаги медицина институтининг илк қалдирғочлари бахтдан масрур эдик, аммо қувончимиз кўп чўзилмади, уруш бошланиб, курсдошларимнинг барчаси қирғинбаротга, ўша пайтлар айтилганидай, юрт ҳимоясига отланишди, - дея эслайди Марям она. - Мени эса Самарқанд туманига шифокор сифатида жўнатишди. Ўша пайтдаги тартиб-қоидалар бўйича мен ушбу туманда беш йил ишлашим керак эди, аммо 50 йил қолиб кетдим. Тиш, кўз ва яна бир-икки касалликлардан ташқари барчасини даволадим. Турли вазифаларда ишладим, оддий шифокорликдан туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорлигигача бўлган лавозимларда меҳнат қилдим. Ҳалол ишладим, виждонимга, касбимга хиёнат қилмадим. Одамларга ёрдам бераётганимдан куч олардим, ҳаётимнинг мазмуни шу билан бойирди. Минглаб одамларга фойдам тегаётганидан таскин топардим, шу билан ҳаёт қийинчиликларини енгардим, шифо топган одамлар менга куч берарди.
- Хўжа Аҳрор Вали мажмуаси яқинидаги ҳукумат томонидан берилган кичик уйда катта бўлганмиз, - дейди Марям онанинг ўғли Марат Деушев. - Эсимда, хоҳ саҳар, хоҳ ярим кечаси бўлсин, турли касалликлар билан одамлар дераза, эшикларимизни тақиллатиб келаверарди. Онам ҳеч қачон уларга чарчадим, дам олишим керак, демасдилар. Биринчи ёрдам албатта кўрсатиларди. Онамнинг сумкаси ҳамон ёдимда, унинг ичида биринчи ёрдам кўрсатиш учун барча асбоблар бор эди. Ўша пайтлар туберкулёз хасталиги айни урчиган давр эди. Онам ушбу касалликнинг ўчоқларини бартараф этишда хизматини аямаган. Эҳтимол, шунинг учун узоқ йил яшаш насиб этгандир, онамга. Ахир қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Шу ёшларига қадар давлатимизнинг 20 га яқин мукофотлари билан тақдирландилар.
Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака маҳалласида истиқомат қилувчи Марям Дўстметовани ушбу қутлуғ ёши билан маҳалла фаоллари, шаҳар ҳокимлиги, "Нуроний" жамғармаси фаоллари қутлаб, онахонга саломатлик тилади.
Онахон билан суҳбатлашарканмиз, қанийди шундай инсонлар ҳақида фильм олинса, деган ўй ўтди хаёлимиздан.
Гулруҳ КОМИЛОВА.