14 январь - Ватан ҳимоячилари куни: “Ҳарбийликка ҳавасим ортди!”
- Амаким Баҳриддин Худойбердиев бошқа давлатда уч йил ҳарбий хизматда бўлган. У менга армия таассуротлари ҳақида гапириб берганда кўнглимда ҳарбий бўлиш орзуси пайдо бўлганди. Тўғри, амаким хизмати давомида бошидан кўпгина қийинчиликларни ҳам ўтказган, аммо барчасига бардош бериб, йигитлик бурчини ўтаб қайтган.
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар учун кенг имкониятлар, қулай шарт-шароитлар яратилган. Бунга яқинда Марказий ҳарбий округ қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Очиловнинг ёшлар билан учрашувида яна бир бор амин бўлдим. Ҳарбийликка бўлган қизиқишим янада ортди.
Бу гапларни Ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да қатнашган жомбойлик Бобур Облабердиев айтди.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган учрашувда 200 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Уларнинг аксарияти “Ёшлар дафтари” тизими орқали сафарбарлик чақирув резерви ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш харажатлари қоплаб берилган ёшлардир. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар ва мурожаатларни ўртага ташлади.
Масалаларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Жумладан, Самарқанд давлат университети талабаси Акмал Ўсаров ҳарбий психолог сифатида ишга қабул қилинадиган бўлди.
Тадбир давомида ёшларга ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ва Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат маркази оркестр жамоасининг чиқишлари намойиш этилди.
Ғофиржон Бобобеков.