16 минг нафардан ортиқ кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

Жорий йилнинг 3-9 октябрь кунлари юртимиз бўйлаб “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилди.

Вилоятимизда ҳам ҳафталик доирасида маҳаллаларда нуронийлар, жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар холидан хабар олинди. Шунингдек, хайрия тадбирлари, нуронийлар ва ёшлар учрашувлари ўтказилди.

Юртимиздаги музейлар ва зиёратгоҳларга 20 минг нафарга яқин нуронийларнинг саёҳатлари уюштирилди. Хусусан, Тойлоқ туманидан бир гуруҳ нуронийлар қадимий Бухоро шаҳрида бўлиб қайтди.

Кексаларнинг соғлигини тиклаш мақсадида вилоятдаги барча маҳаллаларда 16 минг нафардан ортиқ кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ногиронлиги бўлган 321 нафар кексаларга реабилитация воситалари - ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси, 4646  нафар якка-ёлғиз ва муҳтож кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди, 3 минг нафари зарур дори-дармонлар билан таъминланди. Уйида ётиб қолган 5711 нафар, шифохоналарда даволанаётган 915 нафар нуронийларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

“Нуронийлар ёшлар нигоҳида” мавзусида қатор маданий тадбирлар, учрашувлар ташкил этилди. Таълим муассасаларида уюштирилган “Аср билан юзма-юз” тадбирлари доирасида 100 ёш ва ундан катта 50 нафар нуронийлар ҳолидан хабар олинди.

Маданий кўнгилочар тадбирлар доирасида маҳаллаларда шахмат-шашка, пиёда юриш, волейбол, мини-футбол, стол тенниси каби спорт мусобақалари ўтказилди. Уларда 40 минг нафардан ортиқ нуронийлар иштирок этди.

Кексалар ҳафталиги бир қатор янги биноларнинг очилиши билан ҳам эсда қолади. Хусусан, туман ва шаҳарларда 3 та маҳалла маркази, 8 та маҳалла идораси бинолари ва 19 та бошқа янги объектлар фойдаланишга топширилди.

Албатта, бу каби эзгу ишлар ҳафталик билангина чекланмайди. Нуронийларимиз доимо ҳурмат ва эътиборда. Зеро, кекса авлод вакилларини эъзозлаган юрт ҳеч қачон кам бўлмайди.