17 ёшли ўсмир ёшлар иттифоқи кафиллигида жазодан озод этилди
Таҳлилларга кўра, аксарият жиноятлар уюшмаган, ишсиз ёшлар томонидан содир этилмоқда.
Самарқанд шаҳрида яшовчи Шерхон Ёрбеков 17 ёшда. У ёшликнинг гаштини сурадиган пайтда тўғри йўлдан адашди. Қарзларини қайтариш учун ўзгаларнинг мулкига кўз олайтирган Д.Жавотовга "кўмак бериш" мақсадида ўғриликка қўл урди. Тузилган жиноий режага асосан, Д.Жавотов ва Ш.Ёрбеков 2018 йил 8 октябрь куни соат 02:30 ларда Самарқанд шаҳар, С.Бухорий кўчасида турган Н.Мухторовга тегишли "Нексия" русумли автотранспорт воситасининг орқа юкхонасини очиб, 10 миллион сўмлик асбоб-ускуналарни ўғирлади.
Бундан ташқари, улар 2018 йил 14 октябрдан 15 октябрга ўтар кечаси соат 02:30 да Самарқанд шаҳар, Буюк Ипак йўли кўчаси, 9-уй, 43-хонадонда яшовчи А.Гайказяннинг уйи яқинидаги темирдан ясалган омборхонаси эшиги қулфини бузиб, у ердан иккита велосипед ва битта дрель ускунасини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинди.
Олиб борилган тезкор ҳаракатлар жараёнида уларнинг қилмишлари фош этилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида Д.Жавотов ва вояга етмаган Ш.Ёрбековнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Суд жараёнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакили томонидан Ш.Ёрбековга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.
Суд Д.Жавотовга қонуний жазо берди. Ш.Ёрбековга эса қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани ва муқаддам судланмаганини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган жазони бекор қилди. Судланувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши кафиллигида суд залидан озод этилди.
Илҳом ҲАМИДОВ,
жиноят ишлари бўйича
вилоят судининг судьяси.