Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тугатилдими?

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилгандан кейин бу савол кўпчиликни қизиқтирди.

Лекин Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қайта ташкил этилиб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. Тўғри, вазифалари қисқартирилди. Яъни, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлар билан тизимли ишлаш, ёш оилаларнинг уй-жой билан таъминланишига ёрдам бериш билан шуғулланади. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ва олий ўқув юртларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган талаба-ёшларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, энг фаол ёшларни олий таълим муассасасига тавсия этади. Шунингдек, адашиб жиноятга қўл урган ёшларни кафилликка олиб, уларнинг тўғри йўл топишига кўмаклашади.

Иттифоқ қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Адашган ёшларга тўғри йўл кўрсатилди

Ёшларга суд томонидан жазо тайинлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кафолат хатига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини тайинлаш бўйича 2017 йил 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида меморандум имзоланган.

- Ушбу ҳужжатга асосан ўтган 3 йил давомида вилоятимизда 105 нафар ёш Кенгаш кафиллигига олинди, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳуқуқшуноси Ғ.Ахтамов. - Бу ёшлар билан бир йиллик индивидуал дастур тузилиб, улар йил давомида қатъий назоратда бўлмоқда. Бугунги кунгача тузилган индивидуал дастур бажарилганлиги сабабли кафилликка олинган ёшларнинг 99 нафари ҳисобдан чиқарилди.

“Контракт пули”нинг бир қисмини

иттифоқ тўлаб берди

Шу пайтгача муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсиянома асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида фаол, ўртача ўзлаштириши 71 фоиз ва ундан юқори бўлган, ҳарбий хизматни ўтамаган бўлса-да тизимда фаол, ўзлаштириш баллари 86 фоиздан юқори бўлган талабаларга, шунингдек, имконияти чекланган, ногирон ёшлар учун тўлов-шартнома пулининг 35-50 фоизи ташкилот томонидан тўлаб бериларди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қайта ташкил этилгач, Марказий Кенгашнинг 2020 йил 25 августдаги қарори асосида фақат муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учунгина бу тўлов амалга оширилиши устувор вазифа этиб белгиланди.

Аввал, яъни 2019-2020 ўқув йилида ҳарбий хизматни ўтаб қайт­ган 417 нафар йигитга йиллик тўлов-шартнома пули миқдорининг 35 фоизи иттифоқ томонидан тўлаб берилди.

- Ҳарбий хизматни ўтаб, махсус тавсиянома билан қайт­дим, - дейди Шеҳроз Шакаманов. – Самарқанд давлат университетига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Бир йиллик “контракт пули”нинг 35 фоизи иттифоқ томонидан тўлаб берилди.

Ёшлар ишлари агентлиги – янада кенг имконият

Ёшлар ишлари агентлиги ёшлар сиёсати соҳасида барча давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи ташкилотдир. Мазкур агентлик мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил 30 июнь куни ташкил этилди.

Мазкур давлат бошқарув органи ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишлардаги салоҳиятини ошириш учун шароит яратишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирларни тизимли равишда амалга оширади.

Бугунги кунда ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат.

Энди ишсизлар рўйхати қоғозда қолиб кетмайди

Президент ташаббуси билан ёшлар орасида ишсизлик муаммосига ечим топиш учун янгича тизим жорий этилди. Хусусан, банд бўлмаган йигит-қизлар “Ёшлар дафтари”га киритилмоқда. Рўйхат қоғозда қолиб кетмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.

- Шу пайтга қадар ишчи гуруҳлар томонидан вилоятимиздаги 1097 маҳалладаги 492 минг 45 хонадонда хатлов ўтказилди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. – Натижада 640 минг 112 нафар ёш анкета тўлдирди. Шундан 520 мингга яқин ёшларнинг рўйхати электрон базага киритиш мақсадида шакллантирилди. Иштихон тумани ва Каттақўрғон шаҳрида хатлов намунали тарзда ўтказилиб, тўлиқ якунига етказилди. Қолган туман ва шаҳарларда жараён давом этмоқда. Рўйхатга киритилган ҳар бир ёшнинг бандлиги таъминланиб, дастлабки 6 ойлик иш фаолияти қатъий назоратда бўлади. Хатлов жараёни бўйича ташкил этилган штаблар фаолияти ҳар ҳафта вилоят ҳокими раҳбарлигида танқидий муҳокама қилинмоқда.

Самарқандда ҳуқуқий маслаҳат клиникаси йўқ

Ҳуқуқий маслаҳат клиникаси фаолиятини юритиш Ёшлар ишлари агентлиги ва вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга ошириладиган лойиҳадир. Бу ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий-сиёсий-ҳуқуқий билимларини янада оширишга қаратилган.

- Бугунги кунда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ёшлар учун ҳуқуқий маслаҳат клиникалари намуна тарзида ташкил этилган, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ғофиржон Бобобеков. – Самарқандда бу клиника йўқ, аммо очиш режалаштирилган. Ҳозирча бошқармамиз томонидан Ўзбекистон Рес­публикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида қабул қилинган барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида жамлаган тўплам тайёрланди ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга жойланди. Шунингдек, жорий йилнинг 3 декабридан бош­лаб вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ёшлар мурожаатларини қабул қилиш ва уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида @samyoshbot телеграм манзилини ишга туширдик. Шу пайтгача 300 га яқин мурожаат келиб тушди ва ҳар бирининг ечими вилоят ҳокими раҳбарлигида назоратга олинган.

Демак, ёшларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш­ларига шароит яратиш, ҳаётда ўз йўлларини топишлари учун ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида бир эмас икки ташкилот фаолият олиб бормоқда. Ёш йигит-қизларимиздан эса, мавжуд имкониятлардан, ҳақ-ҳуқуқларидан самарали фойдаланиш, ўқиш, изланиш, ўз устида ишлаш, жамият ҳаётида фаол бўлиш талаб этилади.

Тўлқин Сиддиқов.