"Президентга ваъда бердим"

Мадина Шодиева Пайариқ туманидаги оддий бир оилада туғилган. Таржимон бўлишни орзу қилган қизалоқ аввал тумандаги 6-мактабда, кейин эса уйидан узоқ бўлмаган қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида таълим олди.

Қайси таълим муассасасида ўқимасин, чет тилини ўрганишга бўлган қизиқиши сўнмади. Орзулари сари интилишда давом этди. Натижада коллежни битирибоқ Самарқанд давлат чет тиллар институтига хитой тили йўналиши бўйича ўқишга кирди.

- Хитой тилини танлаганим бежиз эмас, - дейди у. – Тўғри, ўрганиш анча қийин, аммо қизиқарли. Шу билан бирга манфаатлидир. Сабаби, кейинги пайтларда Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги яхшиланмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизга хитойлик сайёҳларнинг оқими йил сайин ортиб боряпти. Таржимонликка қизиқишим кучлилиги сабабли талабалик давримданоқ шу иш билан шуғулланиш мақсадида Регистон ансамблида амалиёт ўтаганман.

Мадина Шодиева ўқиш давомида инглиз, рус ва хитой тилларини пухта ўрганишга ҳаракат қилди. Бугунги кунда тўрт тилда эркин суҳбатлаша оладиган М.Шодиева Регистон ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш дирекцияси гид-экскурсоводи сифатида хориждан келаётган сайёҳларга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, у айни пайтда Самарқанд давлат чет тиллар институти магистратураси битирувчиси. Қолаверса, шу институтда педагогик фаолиятини ҳам бошлаган.

- Хитойдан келган меҳмонларга таржимонлик қиламан, - дейди Мадина. – Улар билан суҳбатлашишнинг гашти бошқача. Хитойликларнинг Самарқанддаги тарихий обидаларга қизиқиши ўта кучли.

Маълумки, 30 июн  - Ёшлар куни арафасида бир гуруҳ йигит-қизлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди. Улар орасида Мадина Шодиева ҳам бор.

- Президент билан учрашиш ҳам энг катта орзуларимдан бири эди, - дейди М.Шодиева. – Бунга эришганимдан хурсандман. Мукофотни давлатимиз раҳбари қўлидан олдим ҳамда менга Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшишим зарурлигини айтдилар. Бу менга катта бир масъулият юклади. Ана шундай ютуқларга эришиш йўлида менга кўмакдош бўлган ота-онамдан, устозларимдан, институтда менга хитой тилини ўргатган ўқитувчиларимдан, Регистон ансамбли жамоасидан миннатдорман.

Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар Мадина Шодиева каби миллионлаб ўзбекистонлик йигит-қизларга куч-ғайрат, шижоат бағишлаб, уларни янги марралар сари етаклайди.

Ҳушнозабону НИЁЗОВА.