Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди, йил сарҳисоби ва таклифлар тингланди

Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ёшлар билан учрашуви ўтказилди.

Унда ҳоким вилоят йигит-қизларининг ўтаётган йилда эришган ютуқларини эътироф этиб, яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан қутлади.

- Вилоят ҳокими сифатида якунланаётган йилнинг сарҳисобини айнан сизлар билан баҳам кўришни, ўз навбатида, келаётган йил режаси бўйича таклифларингизни эшитишни истайман, - деди Э.Турдимов. - Бугун вилоятимиз аҳолисининг 2 миллион 315 минг нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ўтаётган йилда 54 минг нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди, норасмий секторда банд бўлган 217 мингга яқин ёшларга ўзини-ўзи банд қилишга кўмаклашилди. Алоҳида ижтимоий ҳимоя ва бошқа кўмакка муҳтож бўлган 28 мингдан кўпроқ йигит-қизларнинг муаммолари ҳал этилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 34 минг 797 нафар ёшга 30 турдаги 51 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. 2023 йилда бир гуруҳ ёшларимиз улкан ютуқларни қўлга киритди. Жумладан, “Ёш китобхон” республика кўрик-танловида Самарқанд шаҳридан Марҳабо Маҳкамтошева ғолиб бўлиб, Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди. “Билим учун 100 миллион” лойиҳасининг ғолиби самарқандлик Жаҳонгир Тўраев бўлди.

Шунингдек, вилоятимизнинг спортчи ёшлари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида 2 минг 714 та медалга эга чиққан бўлса, жаҳон, Осиё ва турли халқаро спорт мусобақаларида 114 та олтин, 75 та кумуш ва 102 та бронза медалларини қўлга киритди. Яқинда шахмат бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистондан илк жаҳон чемпиони бўлган самарқандлик Афрузахон Ҳамдамованинг муваффақиятини алоҳида эътироф этиш лозим.

Учрашувда вилоят ҳокими айрим ёшларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади. Уларга ечим топиш чоралари бўйича масъулларга топшириқлар берди.

- Ҳар йил якунида ўтказилиши анъанага айланган ҳоким ва ёшлар учрашуви айни муддаодир, - дейди Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулрухсор Нурмуҳамедова. – Бундан бир неча йил илгари ўқувчилар ўртасида "Вилоят ҳокими фан олимпиадаси" ўтказилар эди. Кейинги икки йилда бу негадир бўлиб ўтмаяпти. Шунинг учун ҳам мен бугунги тадбирда мазкур олимпиадани қайта йўлга қўйиш таклифини бердим. Вилоят ҳокими буни қўллаб-қувватлади ва уни ўтказиш бўйича масъулларга топшириқ берди.

Маълумки, кейинги пайтларда мактабларда таълим олаётган битирувчи синф ўқувчилари дарсларда таълим олгандан кўра кўпроқ қўшимча пуллик тўгаракларга қатнашишни истайди, - дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Маржона Самадова. – Уларнинг аксарияти тил ўрганишга қизиқади. Мактабда ўтиладиган дарслар эса уларни қониқтирмайди. Агар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фаол талабалар мактабдаги дарсларга жалб қилинса, ўқувчилар истагандек замонавий таълим берилишида ўқитувчиларга кўмакдош бўларди. Ҳоким ва ёшлар учрашувида шу таклифни ўртага ташладим. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда тадбирда иштирок этаётган Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов бу таклифимни маъқуллади.

Вилоят ҳокими ўтказилган учрашувда кейинги йил бошида жадвал асосида вилоятдаги ҳар бир олий таълим муассасасида очиқ мулоқотлар ташкил этиш таклифини киритди. Унда ҳоким шахсан ўзи вилоятдаги бошқармалар бошлиқлари билан биргаликда талабаларнинг мурожаатларини тинглаш ва уларга жойида ечим излашини айтди.

Тадбир сўнггида ўтаётган йилда қатор ютуқларни қўлга киритган ёшлар вилоят ҳокими томонидан муносиб тақдирланди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).