1948 йилда туғилган отахон 2020 йилда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олди

Фуқаро Ибодулла Мамарайимов 1948 йил 10 сентябрь куни Паст Дарғом туманида туғилганлиги, мактабни ҳам тўлиқ тамомламаганлиги, туғилганлик гувоҳномаси мавжуд эмаслиги ва уни олиш учун бир неча маротаба ҳужжатлар тўплаганлиги, бироқ ташкилотлар ўртасида сарсон бўлганлигини билдирган. Шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли пенсияга ҳам чиқа олмаганлиги юзасидан туман адлия бўлимига амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилган.

Паст Дарғом тумани адлия бўлими томонидан фуқаро Ибодулла Мамарайимовнинг мурожаати асосида ўрганиш олиб борилганда, ҳақиқатдан ҳам унинг номига расмийлаштирилган бирор бир ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Хусусан, Самарқанд вилояти ФҲДЁ архиви томонидан 2018 йил 29 октябрда 19538-сонли тақдим этилган маълумотномага асосан, фуқаро И.Мамарайимовнинг 1948 йил 10 сентябрда туғилганлигига оид далолатнома ёзувлари 1945-1951 йиллар оралиғида қайд этилмаганлиги, Паст Дарғом тумани 2-ФҲДЁ бўлимининг 2018 йил 5 декабрдаги хатида эса фуқаронинг кўрсатилган санада туғилганлигига оид далолатнома ёзувлари мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Шу жумладан, Паст Дарғом тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг 2020 йил 28 январдаги 49/368-сонли маълумотномаси ҳамда Паст Дарғом тумани Истиқбол МФЙ томонидан тузилган далолатнома асосида фуқаро Ибодулла Мамарайимовнинг фуқаролик паспорти олмаганлиги маълум бўлди.

Натижада, Паст Дарғом тумани 2-ФҲДЁ бўлимининг 2018 йил 5 декабрдаги хатига асосан фуқаро И.Мамарайимовга тегишли бўлган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини тиклаш рад этилган.

Паст Дарғом тумани адлия бўлими томонидан И.Мамарайимовнинг  манфаатини кўзлаб, ФИБ Паст Дарғом туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича  Паст Дарғом туманлараро судининг 2020 йил 3 мартдаги ҳал қилув қарори билан фуқаро И.Мамарайимовга  туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Меҳрож РАУПОВ,

Паст Дарғом тумани адлия бўлими бошлиғи.