20 июнь - Бутунжаҳон қочқинлар куни
БМТ: дунёда қочқинлар сони муттасил ошиб бормоқда
Уруш, зўравонлик, таъқиб одамларнинг ўз ватанидан қочиб кетишининг асосий сабабларидир. Украинадаги уруш туфайли юзага келган оммавий миграция инқирози қочқинлар тақдирига эътибор қаратди.
БМТ статистик рўйхатини янада тўлдириб, миллионлаб украиналиклар уруш туфайли ўз уйини тарк этишди. Ташкилотнинг йиллик ҳисоботига кўра, дунёда мажбурий муҳожирлар сони 90 миллионга яқинлашган. Бундан ташқари, сўнгги ўн йилликда, нисбатан узоқ давом этган беқарорлик давридан сўнг бу кўрсаткич икки баравардан ошиб кетди.
2021 йилда бошпана сўраганлар сони тўрт ярим миллиондан ошган. Европа Иттифоқидаги тегишли талабнома-сўровлар бўйича рекордчи мамлакат - Германиядир. Мажбурий муҳожирларнинг аксарияти – 3 миллион 800 минг киши Туркияда истиқомат қилмоқда. Умуман олганда, дунёдаги тўрт давлат асосий миграция юкини ўз зиммасига олган бўлиб, барча қочқинларнинг деярли учдан бир қисми уларнинг гарданига тушади.
Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдин, дунё харитасидаги асосий иссиқ нуқта Сурия бўлиб, қочқинларнинг деярли ярми у ердан келган эди. Рўйхатда шунингдек Афғонистон, Жанубий Судан ва Мьянма бор.
Ҳисоботда БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги "дунёдаги иккинчи йирик ташқи кўчиш инқирози" билан боғлаган Венесуэладаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида олти миллионга яқин венесуэлалик қочқин ва муҳожирлар яшайди.