2019-2020 йилларда вилоятда хусусий тиббиёт клиникалар сони 500 тагача етказилади

* Шунингдек, 40 ёшдан ошган аҳоли орасида ижтимоий касалликлар бўйича скрининг-сўровномалар (анкета) ташкил этилади ва натижаси бўйича ҳудудларда профилактика, соғломлаштириш, тарғибот ишлари олиб борилади. Барча туғруққа кўмаклашувчи муассасалар моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий техник, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиши назарда тутилган.

* Вилоятдаги туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги болалар бўлимлари қошида 6 ўринли “болалар реанимацияси” бўлими ташкил этилиб, керакли замонавий тиббий жиҳоз ҳамда штатлар билан таъминланади.

* Вилоят даволаш профилактика муассасаларини 10 та гемодиализ ускуналари аппаратураси билан таъминлаш ва ҳудудий туманлараро гемодиализ бўлимларини ташкил этиш (Каттақўрғон шаҳар, Пайариқ туман ва эндокриналогия диспансерида) режалаштирилган. Вилоятда нейрохирургия хизматини янада яхшилаш мақсадида вилоятда 100 ўринга мўлжалланган вилоятлараро нейрохирургия маркази ташкил қилиш ва керакли замонавий тиббий аппаратуралар билан таъминлаш кўзда тутилган.

* Бундан ташқари, вилоят даволаш профилактика муассасалари билан тиббиёт бирлашмалари ўртасида беморларга юқори малакали мутахассислар томонидан маслаҳат бериш ва мутахассисларни малакасини янада ошириш мақсадида телемедицинани йўлга қўйиш режалаштирилган.

* 2019 йилда шаҳар аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш мақсадида яна қўшимча 3 та оилавий поликлиника (Шота Руставели кўчаси 10-уйда жойлашган бинода 11-сон оилавий поликлиника, Гулобод маҳалласидаги собиқ 59-мактаб биносида 13-сон оилавий поликлиника, Қавола маҳалласидаги собиқ “Қавола” ҚВП биносида 14-сон оилавий поликлиника) ташкил этилади.

* Янги йилда ичимлик суви билан таъминланмаган (ташиб келтириладиган) 5 та ҚОП ва 34 та ҚВПларини ичимлик суви ҳамда иссиқлик қозонлари билан таъминланмаган 10 та ҚОП ва 48 та ҚВПларини замонавий тежамкор иссиқлик қозонлари билан таъминлаш белгиланган.