2021 йилги закот нисоби қанча? Фитр садақа ва фидя миқдори-чи?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2021 (ҳижрий 1442) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори эълон қилинди.

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 минг сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 27,2 миллион сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27,2 миллион сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

Фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг бозорлардаги нархлари ўрганилганда 1 килограмм буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 килограмм арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кило майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кило хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, фитр садақасининг миқдори:

буғдойдан 2 кг 10 000 (ўн минг) сўм;

арпадан 4 кг 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;

майиздан 2 кг 80 000 (саксон минг) сўм;

хурмодан 4 кг 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида бўлиб, бугунги кунда бу ўртача 25 минг сўмга тўғри келганидан, бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 минг сўм, бир ойга 750 минг сўм деб белгиланди.