2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ва кучга кирган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи илк бор қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихидан ўрин олди.
Қонун 5 боб ва 31 моддадан иборат бўлиб, унда қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири сифатида даврийлик принципи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.
Қонунда аҳолини рўйхатга олишни тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви, махсус ваколатли давлат органи, рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи респондентлар ва рўйхатга олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби, тадбирларни молиявий таъминлаш асослари белгилаб берилган.
Республикамизда 2022 йилда илк бор аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади
БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан БМТга аъзо давлатлар ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда МДҲ давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. 2019 йилнинг октябрь ойида Озарбайжон ва Беларусь давлатларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилди. Жорий йилда Арманистон, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларида мазкур тадбир режалаштирилган.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ушбу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда юртимиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган.
2020 йилнинг 1 январь ҳолатида республикамиз доимий аҳолиси 33 миллион 905 минг 800 кишини ташкил этган. Вилоятимизда аҳоли сони 3 миллион 878 минг кишини ташкил этиб, бу республикамиз ҳудудлари орасида энг кўп (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 11,4 фоиз) ҳисобланади.
Вилоятимизда 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра шаҳар аҳолиси 1 миллион 438 минг 300 кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 37,1 фоиз), қишлоқ аҳолиси 2 миллион 437 минг 700 кишини (62,9 фоиз) ташкил этади.
2019 йил давомида вилоят бўйича туғилган болалар сони 101,2 минг нафарни, вафот этганлар 16,5 минг кишини ташкил этган.
Вилоят ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра энг кўп аҳоли Самарқанд шаҳрида 546,8 минг кишини (вилоят жами аҳолиси сонидаги улуши 14,1 фоиз), Ургут туманида 507,2 минг кишини (13,1 фоиз) ва Паст Дарғом туманида 353,2 минг кишини (9,1 фоиз) ташкил этди.
Бироқ аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти. Шу муносабат билан мамлакатимизда ана шундай муҳим тадбирни 2022 йилда илк бор ўтказишга қарор қилинди.
Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?
Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич тайёргарлик босқичи бўлиб, 2-3 йилга яқин вақт давом этади.
Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Муҳим вазифалардан яна бири бу – шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаларини ва маъмурий туманлар хариталарини тайёрлаш ҳамда аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ҳисобланади. Бунда маҳалла, қишлоқ ва овулларнинг чегаралари, кўчаларда ном белгиларининг ўрнатилганлиги, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони ҳамда уйларнинг рақамланганлиги аниқлаштириб олинади.
Тайёргарлик босқичида аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологияси ишлаб чиқилади.
Иккинчи босқич тахминан 10-60 кунгача давом этади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй кирган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Учинчи босқич муддати қарийб икки йилгача бўлиб, рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилиб, маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилинади ва натижалар эълон қилинади.
Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган.
Аҳолини рўйхатга олиш қайси манбалар ҳисобидан молиялаштирилади?
Чет эл давлатлари тажрибасидан маълумки, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш кўп меҳнат ва маблағ талаб этади. Бунинг учун тадбирни молиялаштириш манбаларини аниқлаштириб олиш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини молиялаштириш, Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ, Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдолари ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.
Соатали АБИРАҲМАТОВ,
Самарқанд вилоят статистика бошқармаси бошлиғи.