2022 йилги вилоят бюджети: даромаддан харажатлар ортди (ми?)
Самарқандда 2022 йилда вилоят маҳаллий бюджет даромадлар режаси кутилганидан 284,6 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди, яъни 4 197,7 миллиард сўм тушумлар туширилди. Хўш, харажатлар қанча бўлди?
Қўшилган қиймат солиғининг режадан орттириб бажарилган қисми 117,7 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида 402,3 миллиард сўм қўшимча маблағ қолди. Солиқ турлари бўйича белгиланган режага асосан жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан 137,8 миллиард сўм, юридик шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғидан 92,6 миллиард сўм, жисмоний шахсларнинг ер солиғи 34,6 миллиард сўм, бензин, дизель ёқилғиси ва газни истеъмолчига реализация қилишда тўланадиган акциз солиғидан 25,2 миллиард сўм белгиланган режага нисбатан қўшимча тушумлар тушурилди.
Ҳудудий молия идоралари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги қарори ижроси юзасидан ўтказилган тадбирларда жами 94,5 миллиард сўм миқдорида қўшимча даромад манбалари аниқланди ва қамраб олинди. Жумладан, 12 268 нафар жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар, нотурар объектлар ва ер майдонларининг рўйхатга олинмаганлиги ёки қийматини камайтириб кўрсатиш ҳолатлари бўйича 4,5 миллиард сўм аниқланди. 9 993 нафар давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларни аниқлаш ҳисобига 9,4 миллиард сўм, 334 нафар умумий овқатланиш фаолияти тўлиқ қамраб олинмаганлиги ҳисобига 4,4 миллиард сўмлик манбалар ўрганилди. 3 491 та корхонада норасмий ишлаб келаётган ишчи-хизматчиларни аниқлаш ҳисобига 11,2 миллиард сўм, бошқа йўналишлар бўйича 6 244 ҳолатда 13,1 миллиард сўмлик қўшимча даромад манбалар аниқланди.
Бундан ташқари, марказлашган ҳолда ўтказилган таҳлилларда жами 51,9 миллиард сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланди.
Ўтган йилда вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлар қисми 104,3 фоизга ижро этилди ва 7 триллион 898,6 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилди. Жумладан, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш харажатлари учун 4 триллион 789,3 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди. Бу эса жами маҳаллий бюджет ҳаражатларининг 60,6 фоизини ташкил қилади. Шундан халқ таълими соҳага 509,4 миллиард сўм, мактабгача таълим соҳага 552,5 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш соҳага 2 триллион 154,2 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилди.
2023 йил бошидаги ҳисобга кўра вилоятимизда 275 233 нафар болалар нафақаси олувчи оналар, 7302 моддий ёрдам олувчи оилалар бор ва уларга 1 триллион 388,7 миллиард сўмлик маблағ тўланди.
Ўтган йили вилоят бўйича маҳаллий бюджетларда
564,3 миллиард сўм қўшимча манбалар шакллантирилди. Шундан, 229,8 миллиард сўм эркин қолдиқ маблағлари ва 334,5 миллиард сўм даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағларини ташкил этди. Ушбу маблағлар халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларининг тегишли қарорлари асосида “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир” дафтарларга 105,7 миллиард сўм;
- ҳарбий-маъмурий секторни ривожлантириш жамғармасига 2,2 миллиард сўм;
-“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармасига 52,5 миллиард сўм;
- вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларига 174,1 миллиард сўм;
- ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 24,6 миллиард сўм йўналтирилди.
Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги
ПҚ-5072-сонли қарорига асосан Фуқаролар ташаббуси жамғармасига
58,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Вилоят бўйича захира жамғармаларининг ўтган йилги режаси 52,5 миллиард сўмни ташкил этиб, 2022 йилда 46 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумида фуқаролар томонидан 6 549 та таклиф киритилди. Ҳар бир таклиф, фикрлар синчковлик билан ўрганилиб, умумий қиймати 244,9 миллиард сўм бўлган 378 та таклиф ғолиб деб топилди. “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсумида овоз тўплаш жараёнида 850 минг 835 нафар фуқаро иштирок этиб, 172 та ташаббус ғолиб, деб топилган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун жамғармага 132,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Анорбой Абданов,
Самарқанд вилояти молия бош бошқармаси
бўлим бошлиғи.