2023 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари тасдиқланди
Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинди
Самарқанд вилоятида 2023 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 102-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 15-сон, 186-модда) қарорининг 3-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (2022 йил 30 декабрдаги 01/26-19/1122-сон), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг (2022 йил 30 декабрдаги 02-24/10-5709-сон) ҳамда Молия вазирилигининг (2022 йил 30 декабрдаги 02/04-32/15-сон) қўшма хатини инобатга олиб ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Қуйидагилар: Самарқанд вилоятида 2023 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари 1-иловага;
Ижара тўлови ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи (Й.Фарҳодов)га:
давлат мулкини ижарага беришни ташкил этиш ва ижарага бериш;
ижарага берилган давлат мулкини ва уни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва мониторингини олиб бориш;
ижарага бериладиган давлат мулки бўйича маълумотлар базасини шакллантириш;
ижара объектларидан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
фойдаланилмаётган давлат мулки ижарага берилиши тўғрисидаги эълонларни ва ижарага берилаётган давлат мулклари рўйхатларини даврий нашрларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаларининг веб-сайтларида жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.
3. Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи (Й.Фарҳодов), вилоят давлат солиқ бошқармаси (А.Иноғомов), шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳудудларда ижара муносабатларини тартибга солиш, ижарага берилаётган давлат мулки ҳисоботини тўғри юритиш ва бюджетга қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида давлат мулкини балансда сақловчилари томонидан ижарага бериш самарадорлигини ошириш ва ташкиллаштиришда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсин.
4. Вилоят ҳудудида 2023 йилда давлат мулки бўлган бинолар ва хоналарда жойлашган бюджет ташкилотлари учун ижара тўловининг «ноль» ставкаси белгилансин.
5. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби (М.Мирзаев) мазкур қарорни «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталарида эълон қилинишини ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
6. Вилоят ҳокимининг 2022 йил 16 февралдаги «Самарқанд вилоятида 2022 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 74-7-0-Қ/22-сонли қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари в.в.б. Ф.Абилов зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Вилоят ҳокими Э. Турдимов
2023 йил 3 февраль