2+2 нима? Ёхуд қўшма таълим дастурлари ҳақиқатан хорижда сифатли илм олиш учун имкониятми?

Малакали кадрлар тайёрлашда олий ўқув юртлари қўшма таълим дастурларининг йўлга қўйилиши, хорижий давлатларда амалиёт ўташи яхши самара бериши мумкинлиги ҳақида сўнгги йилларда кўп айтилмоқда.

Қўшма таълим ўзи қандай ташкил этилади, унинг асосий афзалликлари нимада? Шу каби саволлар билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Шерзод Юлдашевга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- Қўшма таълим дастури ўзи қандай таълим ва у нимаси билан муҳим?

- Бу дастур маҳаллий ва хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари ўртасида имзоланган шартномага асосан кадрлар тайёрлаш ва битирувчиларига иккита давлатда тан олинадиган диплом берилишини назарда тутувчи таълим дастуридир. Қўшма таълим дастурлари маҳаллий ва халқаро таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликдаги ташаббус. Улар жаҳон стандартлари ва амалиётларини интеграциялашган ҳолда таълим сифатини оширишга қаратилган. Қўшма таълим дастурлари бўйича таълим олиш талабаларга бир қанча афзалликлар беради. Унда талаба маҳаллий ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларидан бирида бир вақтнинг ўзида таълим олиш имкониятига эга бўлади, Ўзбекистон ва чет элда нострификациясиз ишлаш ҳуқуқини берувчи иккита дипломни қўлга киритади.

 

- Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш қай тарзда амалга оширилади?

- 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб қўшма таълим дастурлари асосида ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга ошириб келинмоқда. Биринчи босқичда маҳаллий ОТМ томонидан хорижий ҳамкор ОТМ билан келишилган ҳолда кириш имтиҳонлари ўтказилади. Иккинчи босқичда маҳаллий ОТМнинг буюртмаси асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан келишилган муддатларда ўқитиш олиб бориладиган чет тилидан кириш имтиҳони ўтказилади. Бунда биринчи босқичда кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал балнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар иккинчи босқичда ўтказиладиган имтиҳонда иштирок этади. Иккинчи босқичда эса чет тили бўйича кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал балнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар қўшма таълим дастури бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этади ҳамда қабул параметрларидан келиб чиқиб, ўқишга қабул қилинади. Чет тили бўйича бакалавриатда камида B1 даража, магистратурада камида B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар иккинчи босқичда чет тилидан ўтказиладиган имтиҳондан озод қилинади ва уларга бу босқич учун максимал балл берилади. Ўқишга қабул қилиш натижаларини тасдиқлаш тартиби икки ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.



Таълимнинг “2+2” ёки “1+1” шаклда ташкил этилиши нимани англатади?

- Қўшма таълим дастурларида “2+2” ёки “1+1” шакллари талабаларнинг таълим олиш муддатини ва қайси университетларда таълим олишларини белгиловчи схемалардир. Бу шакллар талабаларнинг ўқиш даврини маҳаллий ва хорижий ҳамкор университетлари ўртасида қандай тақсимланишини англатади. Масалан, 2+2 шаклдаги қўшма таълим дастури талабанинг 2 йил маҳаллий ва 2 йил хорижий ҳамкор университетда ўқишини назарда тутади. Талаба дастлабки икки йилда маҳаллий университетда асосий фанлар ва тайёрлов курсларини ўқийди. Кейинги икки йил давомида чет эл университетида ўқишни давом эттириш вақтида мутахассислик бўйича чуқур билим ва кўникмаларни эгаллайди. Бу шакллар орқали талабалар икки хил таълим тизимларининг афзалликларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

- Битирувчиларига иккита давлатда ҳам тан олинадиган диплом берилишини айтдингиз. Диплом бериш тартиби ҳақида ҳам тўхталсангиз.

Олий таълимни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга хорижий ҳамкор университет жойлашган давлатда тан олинадиган диплом ҳамда маҳаллий ОТМнинг давлат намунасидаги дипломи берилади. Битирувчилар ҳақидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус электрон тизимига киритилади. Битирувчиларга бериладиган давлат намунасидаги дипломга қўшма таълим дастури номи ёзилади. Давлат намунасидаги диплом ва диплом иловаси махсус электрон тизимга киритилган маълумотлар асосида бўлади. Диплом иловасига хорижий университет томонидан берилган диплом тартиб рақами ҳам киритилади.

- Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида қайси хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурлари бор?

- Бугунги кунда Германия, Латвия ва Малайзия давлатлари билан 6 та қўшма таълим дастуримиз мавжуд, яъни, 5 та бакалавриат ва 1 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Бизда асосан бакалавриатура бўйича Германиянинг Вайнштефан-Триездорф амалий фанлар университети билан ҳамкорликда иқтисодиёт, Латвиянинг ҳаётий фанлар ва технологиялар университети билан ахборот тизимлари ва технологиялари, иқтисодиёт ҳамда Малайзиянинг Линколн университет коллежи билан рақамли иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби ва аудит қўшма таълим йўналишлари бўйича халқаро кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Магистратура мутахассислиги бўйича Малайзиянинг Линколн университет коллежи билан ҳамкорликда Исломий банк иши йўналишидаги қўшма таълим дастуримиз бор.

Бугунги кунда қўшма таълим дастурларида 100 га яқин талаба таҳсил олмоқда ва 40 нафар талаба хорижий ҳамкор университетларда ўқияпти. Талабаларимиз хорижда бакалавриатурани тамомлаб, магистратурада ўқишларини давом эттиришмоқда. 3 нафар талабамиз Европа Иттифоқининг Эрасмус + дастури ҳисобидан ойига 1100 евро миқдорида стипендия олиб ўқияпти. 1 нафар талабамиз Бавария давлат таълим ва санъат вазирлиги томонидан эълон қилинган “Университетни халқаролаштириш” стипендияси соҳиби бўлди. Баъзи талабаларимиз ўқиш билан биргаликда Малайзиядаги ҳамкор университет факультетида ишлаяпти.

- Қўшма таълим дастурларига кирган талабаларнинг ютуғи нимада?

- Талабалар юқори сифатли таълим олиш, халқаро даражадаги олий таълим, тил ўрганиш кўникмаларини ошириш каби фойдали ва қизиқарли муҳитда таълим олади. Бундан ташқари, бу дастурлар кўпинча уларнинг касбий ривожланиши учун жуда муҳим бўлган амалиёт ва амалий машғулотларни ўз ичига олади. Масалан, ҳар йили филиалимиздаги талабалар ёзги таътилда Германиянинг саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўз соҳалари бўйича амалиёт ўтаб қайтишади. Қўшма таълим дастурлари талабаларига халқаро миқёсда турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар билан тармоқ яратиш имкониятини беради. Бу келажакдаги карера ва ҳамкорлик имкониятларини оширади. Бу имтиёзлар талабаларнинг нафақат таълим жараёнида, балки келажакдаги профессионал ҳаётларида ҳам муваффақиятга эришишларига ёрдам беради.

- Ўзбекистонда қўшма таълим дастурлари ҳақида баъзи салбий фикрлар эшитганмиз, масалан, тил билмаган талабалар хорижий ҳамкор университетларга қабул қилинмаган, маҳаллий университетларда ҳам қолиб ўқий олишмаган. Умуман, талабалар ва ота-оналар қўшма таълим дастурларига қандай қарашади?

 - Талабалар ва ота-оналар қўшма таълим дастурларига турли хил муносабатда бўлишади ва бу муносабатлар кўпинча уларнинг шахсий қарашларига, дастурдаги муваффақият ёки муваффақиятсизликларга, молиявий ҳолатга, талабаларнинг тажрибасига, умумий ижтимоий-иқтисодий ва бошқа турли омилларга боғлиқ. Тўғри айтдингиз, қўшма таълим дастурлари энди йўлга қўйилаётган вақтларда шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилган. Тўғри тушуниш керак, бу дастур Ўзбекистон олий таълим тизими учун янгилик ва ҳали етарлича тажрибалар йўқ эди. Савол ва муаммолар кўп, жавоблар ва ечимлар қониқарли даражада эмас эди. Умуман олганда, талабалар ва ота-оналар ушбу дастурлар тақдим этаётган юқори стандартлар ва имкониятларни эътироф этишади. Бироқ, харажатлар ва турли таълим муҳитларига мослашиш имконияти ҳақида хавотирлар бор. Бу хавотирларга қарамай, узоқ муддатли фойда нуқтаи назаридан кўпчиликнинг бу дастурлар ҳақидаги умумий фикрлари ижобий.

- Янгича тизим қандай муаммоларга дуч келяпти ва улар қандай ҳал қилиняпти?

- Асосий муаммолардан бири - маҳаллий университетга ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ҳаммаси ҳам ўқишнинг кейинг босқичларини хорижий ҳамкор университетларда давом эттира олмасликларидир. Баъзи талабалар етарли даражада хорижий тилларни билмасликлари сабабли хорижий университетларда ўқиш учун қийинчиликларга дуч келишади. Қўшма таълим дастурлари, одатда, юқори молиявий харажатни талаб қилганлиги учун хорижда яшаш ва ўқиш харажатлари баъзи оилаларга оғирлик қилади. Чет элда ўқиш пайтида талабалар маданий мослашув муаммоларига дуч келишлари ҳам мумкин, талаба хорижий университетда ўқишни давом эттира олмаса ёки бошқа сабабларга кўра чет элга чиқа олмаса, маҳаллий университетда ўқишни давом эттириш имконияти йўқ ва шу каби тўсиқлар муаммо келтириб чиқариши мумкин.

- Мамлакатимизда қўшма таълим дастурлари келажагини қандай кўрасиз? Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида уни янада ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

-  Бу дастурлар мамлакатнинг таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, кадрлар тайёрлаш сифати ва рақобатбардошлигини оширишда муҳим рол ўйнайди. Қўшма таълим дастурларининг самарали ишлаши учун давлат томонидан ҳам молиявий қўллаб-қувватлаш керак деб ўйлайман.

Филиалимизда қўшма таълим дастурларида ўқишни истовчилар сони ошиб бораётганлиги сабабли Малайзиянинг Линколн университет коллежи билан ҳамкорликда халқаро қўшма факультет ташкил қилиш режамиз бор. Май ва июнь ойларида Чехия, Руминия ҳамда Хитойдаги университетлардан келган вакиллар билан Самарқандда учрашувлар ўтказдик. Июнь ойида Чехиянинг Кимё-технология университети ва Прага табиий фанлар университетларининг 25 нафар талаба ва профессор-ўқитувчилари “Summer School. Samarkand - 2024” халқаро таълим дастурида иштирок этиш учун филиалимизда меҳмон бўлди.

Ҳозирда янги қўшма таълим дастурларини очиш ва бошқа бир қатор таълим дастурларни амалга ошириш учун АҚШнинг Миссури университети, Туркиянинг Мармара ва Карабук университетлари, Чехиянинг Кимё-технология университети, Прага табиий фанлар университети ва Скода авто университетлари, Руминиянинг Орадеа университети, Хитойдаги Лиаонинг нефт-кимё университетлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувлар олиб боряпмиз.

Сулаймон Мардиев суҳбатлашди.