22 йил давом этган уйқу: Иван Качалкин подшоҳ даврида ухлаб, СССРда уйғонди
Бош қаҳрамонга айланиб қолган йигит ўша пайтда ўзига хос сенсацияга айланиб қолди. У ҳақида газеталарда мақолалар босилар, одамлар бу воқеа нима билан тугашини интизорлик билан кутишарди. Хўш, бу воқеа қандай бошланган эди?
Москвалик дворян Иван Кузмич Качалкин жуда таъсирчан эди, у ҳамма нарсани юракдан қабул қилар, шу сабабли тез-тез депрессия ҳолатида бўлиб, тушкунликка тушарди.
Ишончли монархист, айниқса, ўз мамлакати, ҳукмдорларининг ҳаёти учун қайғурарди. Йигит ҳар доим босма нашрлардаги императорлар ҳақидаги ёзувларни кесиб олиб, уларни алоҳида альбомга жойлаштирар эди.
Ҳатто ёшлигида ҳам Иван император Александр III-га суиқасд уюштирилганида жуда хафа бўлган. Император вафот этганида Качалкин бутунлай тушкунликка тушиб ухлаб қолди ва у 22 йил уйғонмади.
Уйқунинг тушунарсиз табиати
Шу йиллар давомида Иван ётоқда умуман қимирламасдан ётди. Аввалида у ҳаёт аломатларини кўрсатарди, кейин эса бутунлай ўликка ўхшаб қолди.
Бу воқеа олимларни шошилтириб қўйди, улар тадқиқот ўтказа туриб, летаргик уйқунинг моҳиятини аниқлай олмади. Ҳатто академик Павлов ҳам йигитнинг ҳолатини кузатгани келди, у Иван танасидаги тегишли жойларга болға билан уриб, баъзи рефлексларни топишга умид қилди. Териси оқариб кетган Качалкин эса қорачиқ ва қовоқларини қимирлатмасдан, ҳаракатсиз ётарди.
Ҳаётга қайтиш
Ушбу уйқу пайтида иккита уруш, иккита инқилоб рўй берди. Яқинлари уни зонд орқали тўйинтириб туришарди. Бир куни тўсатдан у уйғонди. Маълум бўлишича, бу уйғониш ҳам Иваннинг кучли ҳис-туйғулари туфайли содир бўлган экан. У атрофида содир бўлаётган барча нарсани тушунган, император Николай II-нинг оғир аҳволи ва унинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитгач, қичқириб юборди ва уйғониб кетди.
Шифокорлар дарҳол унинг олдига келишди. Бемор кузатилганидан сўнг, унинг мутлақо соғлом эканлиги аниқланди. Хотираси жойида, барча органлар тўғри ишлаяпти, деган хулосага келган шифокорлар фақат Иваннинг руҳий ҳолатидан хавотирда бўларди.
Тез орада Качалкин ўзига келди. Кейин у шифокорларга ухлаб ётган даврда атрофида содир бўлган ҳамма нарсани тушуниб турганини, бироқ мушаклари шу қадар оғир бўлганлиги туфайли у қимирлай олмаслиги ва нафас олиши қийин бўлганлигини айтиб берди.
Афсуски, Качалкин уйғонганидан кейин узоқ яшамади, у ўша йили вафот этди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.